Андижон 24

ИНСОН АЗИЗ, ХОТИРАСИ МУҚАДДАС


09.05.2023   705

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ўзбек халқи ватани, халқининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас.

Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Инсоният Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, ўша аёвсиз жангу-жадалда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар хотирасини асло унутмайди.

Сана муносабати билан эрта тонгдан Андижон шаҳридаги Хотира майдонида вилоят ҳокимлиги, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйилиб, бугунги тинч ва осуда кунлар учун жонини фидо қилганлар хотираси ёдга олинди.

Хотира ва қадрлаш куни олдидан уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари хонадонларига йўқловлар уюштирилиб, уларга яна бир карра иззат-икром кўрсатилди. Давлатимиз раҳбарининг фармони асосида вилоятда умргузаронлик қилаётган 6 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчисига бир марталик пул мукофоти, Президент табриги етказилди ва қимматбаҳо совғалар тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Auz.uz online гуруҳи.