102

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИГА КАДРЛАРНИ ТАНЛАШ ВА ЖОЙ-ЖОЙИГА ҚЎЙИШ ИШЛАРИ ҚОНИҚАРСИЗ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛГАНИ КЎРСАТИБ ЎТИЛДИ


28.07.2023   281

Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий муаммоси ҳал этилмаса жиноят йўлига кириш эҳтимоли юқори аҳоли қатлами билан янгича ишлаш тизими жорий қилинган эди.

Унга кўра, бундай тоифага кирувчи аҳоли “ижтимоий профилактика” тамойили асосида “маҳалла бешлиги”га номма-ном бириктирилган.

Лекин, Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бу масаланинг ичига чуқур кирмаган, “маҳалла бешлиги” учун на бир методика, на бир қўлланма ишлаб чиққан.

Оқибатда ушбу янги тизим 9 минг 400 та маҳалладан бор-йўғи 20 тасида ишлаяпти.

– Нима иш қилиш кераклигини билмаган айрим профилактика инспекторлари эса боғчаларга бориб, 3-4 ёшли болакайларга “оқ-қорани фарқлаш” бўйича маъруза ўқиш билан банд. Тизимда стажи 3 йилгача бўлган, энди тажриба тўплаётган профилактика инспекторларини криминоген оғир маҳаллага қўйиш амалиёти ҳалигача давом этмоқда. Аксинча, “яхши” маҳаллаларда эса кўп йиллик тажрибаси бор ходимлар хизмат қилмоқда, – деди Президент.

Ички ишлар вазирига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишлари қониқарсиз йўлга қўйилгани кўрсатиб ўтилди.

Манба: ЎзА