ЖАМИЯТ

ХОДИМ ИШДАН БЎШАШ ҲАҚИДАГИ АРИЗАСИНИ ПОЧТА ОРҚАЛИ ЮБОРИШИ МУМКИН


25.07.2023   182

Ходим иш берувчини 14 кун олдин ёзма огоҳлантириб ўз ташаббуси билан ишдан бўшашга ҳақли. Яъни, аризани камида 14 кун олдин ёзиш керак.


Айрим ходимлар учун огоҳлантириш муддатлари 14 кундан фарқ қилади, улар қуйидагилар:

— ташкилот раҳбари учун – 2 ой;
— раҳбар ўринбосари, бош бухгалтер, алоҳида бўлинмалар раҳбарлари учун – 1 ой;

Алоҳида бўлинмалар деганда ташкилот филиаллари, ваколатхоналари ёки бошқа алоҳида таркибий бўлинмалари тушунилади.

— мавсумий ходимлар учун – 3 кун;
— микрофирма ҳамда ЯТТ ходимлари, уй ишчилари учун –7 кун;

Микрофирма – таъсисчиси жисмоний шахс бўлган ҳамда даромади 1 йилда 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар.

Аризани бериш санаси уни иш берувчига (корхона бошлиғига, унинг муовинига, қабулхона котибига, кадрлар бўлимига, девонхонага ва б.) топширган кун ҳисобланади, огоҳлантириш муддати эса кейинги кундан бошланади.

Ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини почта орқали юбориши мумкин, бунда муддат почта орқали ариза ташкилотга етиб борган кундан ҳисобланади.

Ходим ва иш берувчи келишувига кўра меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугашигача ҳам бекор қилиниши мумкин.

Огоҳлантириш муддати тугаганидан кейин ходим ишни тугатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини, меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани бериши ҳамда у билан ҳисоб-китобни амалга ошириши шарт.

Ходим огоҳлантириш муддати тугайдиган вақтгача исталган вақтда аризасини қайтариб олиши мумкин. Масалан, огоҳлантириш муддати 14 июлда тугаса, ходимнинг иш вақти соат 18:00 гача бўлса, ходим шу соатгача аризасини қайтариб олишга ва ишлашни давом эттиришга ҳақли.

Огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим ишдан бўшатилмаса, ходим ишни давом эттираётган бўлса, ходимнинг аризаси ўз кучини йўқотади, кейинчалик ходимни мазкур ариза билан бўшатиш мумкин эмас.

Ходим ўз ишини давом эттириши мумкин бўлмаган ҳолларда (ўқишга кирганда, пенсияга чиққанда, сайланганда ва бошқаларда) ходимни у илтимос қилаётган муддатда ишдан бўшатиш керак.