ЖАМИЯТ

ХАЛҚИМИЗГА ХОС, ҚАДРИЯТЛАРИМИЗГА МОС ТАОМИЛ


09.09.2021   2188

туфайли Андижонда олти ойда 106 та даъво ариза юзасидан тарафлар медиатив келишувга эришдилар

Одатда, автомашина ёки уй-жой сотиб олганимизда, қарз берганимизда, ҳадя қилганимизда шартномалар тузамиз.

Шартномалар тадбиркорлар фаолиятининг асосий негизини ташкил этади. Мана шу жараёнда пухта, пишиқ, мажбуриятлар аниқ ифодаланган ва иккала томон учун манфаатли бўлган битимни тузиш жуда ҳам муҳимдир.

Шартномада қоидаларнинг аниқ белгиланмаслиги эса томонлар ўртасида низони юзага келишига сабаб бўлади. Ҳатто шартномаларда мажбуриятларини бажариш муддатлари ва тартиблари аниқ ифодаланса-да, тарафлар ўртасида низо юзага келиш ҳоллари учрайди.

Табиий савол туғилади: тадбиркорларимиз фаолиятида низо келиб чиқса, иқтисодий судларга мурожаат қилиш мумкинлигини яхши билишади. Аммо низони судда ҳал этишдан бошқа чора йўқми?

Мамлакатимизда бизнес юритиш учун кенг имконият бериш ва қулай инвестициявий муҳит яратишни назарда тутувчи бир қатор қонун ва қарорлар қабул қилинган. “Медиация тўғрисида”ги Қонун шулар жумласидан.

Медиация — низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш, бир сўз билан айтганда, низони суддан ташқари ҳал этиш усули ҳисобланади.

Дейлик, судга даъво ариза берилганидан сўнг томонлар низони суддан ташқари, медиатор ҳузурида ҳал этишни маъқул кўрса, бунинг ҳуқуқий ечими борми?

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига Ўзбекистон Республикаси 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-Қонуни билан медиация тартиб-таомилинг қўлланилиши билан боғлиқ нормалар киритилган. Яъни иқтисодий судда низолашаётган томонларга низони суддан ташқари ўзаро ҳал этиш ҳисобланади.

Шу боис, Иқтисодий процессуал кодекснинг 107-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра:

даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;

тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, суд даъвони кўрмасдан қолдиради.

Кейинчалик, томонлар медиатив келишув асосида низога барҳам бермаса, тарафлар судга шу даъво билан такроран мурожаат қилиш имкониятини сақлаб қолади.

Агарда суд мажлиси жараёнида тарафлар низони медиатив келишув йўли билан ҳал этиш истагини (илтимосини) билдирса, суд иш юритишни тўхтатиб туришга мажбур бўлади.

2021 йилнинг биринчи ярмида эса 106 та даъво аризалари юзасидан тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган. Битта ҳолатда эса медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаганлиги боис даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

Мазкур тоифадаги ишлар туманлараро иқтисодий судлар кесимида таҳлил қилинганда, 2021 йил биринчи ярмида Андижон туманлараро иқтисодий суди томонидан 11 та, Асака туманлараро суди томонидан 2021 йил 3 та, Бўстон туманлараро суди томонидан 1 та, Избоскан туманлараро суди томонидан 3 та, Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий суди томонидан 89 та медиация тартиб-таомилини амалга ошириш билан боғлиқ ишлар кўрилган.

Кўриниб турибдики, бир қарашда медиация атамаси биз учун ёт тушунчага ўхшаса-да, у моҳиятан халқимизга хос, қадимий ва миллий қадриятларимизга мос бўлган ҳодисадир. Негаки халқимиз низо келиб чиқса, дарров судга югуришга андиша қилади, аввал ўртага маҳалла-кўй, оқсоқоллар, ёши улуғлар, обрўли инсонлар аралашади. Шу боис ҳам кўп ҳолларда медиатив келишув ўз самарасини бермоқда.

Шоядбек Мирзаев,

Андижон вилояти суди раисининг ўринбосари