Андижон 24

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ ЭЛЛИК ТЎҚҚИЗИНЧИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ


21.02.2024   4898

Бугун Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдаги эллик тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Кун тартибига аҳамиятга молик бўлган бир қатор долзарб масалалар қўйилди.

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Г.Абдувоҳидованинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси ўқиб эшиттирилди. 2023 йил давомида Омбудсманнинг Андижон вилояти минтақавий вакили номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 304 та мурожаат келиб тушган (2022 йилга нисбатан 5,0 фоизга ошган) бўлиб, 62,9 фоизи хотин-қизлар ва 37,1 фоизи эркаклар ҳисобланади. Омбудсманнинг минтақавий вакили томонидан интернетнинг турли ижтимоий тармоқларида тарқалган хабарлар ҳам назоратга олиниб, ўрганилган. Хусусан, ижтимоий тармоқда тарқалган хабарлар ўрганилиб, расмий муносабат билдирилганлиги ҳам таъкидланди.

Шунингдек, ўтган йил давомида келиб тушган мурожаатларнинг 279 таси кўриб чиқилган. Фуқаролардан йўлланган мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг энг кўпи Андижон шаҳар, Асака ва Избоскан туманларига тўғри келган. Уларнинг 73 таси ижтимоий ҳуқуқ йўналишидаги, 57 таси иқтисодий ҳуқуқ йўналишидаги, 174 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар йўналишини ташкил этган.

Андижон вилоятида ЙҲХ бўйича махсус комиссия аъзолари томонидан 2024 йилнинг январь ойи мобайнида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан бошқарма мутахассисларининг ҳисоботига кўра вилоят ҳудудида жорий йилнинг 1 ойи давомида йўл-транспорт ҳодисалари 5 тага (28/23) ёки -18,0 фоизга камайган бўлсада, Андижон тумани 1 тага (0/1), Балиқчи тумани 1 тага (0/1) ошиб кетишига йўл қўйилган. Жумладан, тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари вилоятда 4 тага (21/17) ёки -19,0 фоизга камайган бир вақтда, Хўжаобод тумани 1 тага (1/2) ошган. Йўл-транспорт ҳодисаларида вафот этганларнинг 1 нафари 1-7 ёшгача, 8-16 ёшгача бўлган болалар йўқ, тан жароҳати олганлар 1 нафари 1-7 ёшгача 2 нафари 8-16 ёшгача бўлган болаларни ташкил этади. Барча шаҳар ва туманлар ЙҲХБ бошлиқлари томонидан 1-чоракда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни ўз ичига олган «Йўл харита» ишлаб чиқилган. Транспорт бошқармаси томонидан ҳар куни ЙҲХБ билан ҳамкорликда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи жамоат транспротларини асоссиз равишда йўл ҳаққини ошириб олмасликларини назорат қилиш бўйича рейдлар ташкил этилган.

Вилоятдаги йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан мунтазам йўналишларда йўловчи ташишни амалга оширувчи 30 та автобус ва 125 та Дамас русумли автотранспорт воситалари навигатсия қурилмалари (ГПС/ГЛОНАСС трекер) билан жиҳозланган. Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар автотранспорт воситаларига 525 дона видеорегистраторлар ўрнатилган.

Бундан ташқари сессияда вилоятнинг ишсизлик ва коррупциядан холи ҳудудга айлантириш ҳамда сектор раҳбарлари томонидан маҳаллаларда ишларни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида мазкур бошқарманинг ўринбосари томонидан ҳисоботи ўқиб эшиттирилди. Бугунги кунда Андижон вилоятидаги 909 та маҳаллада жами 100 728 нафар ишсиз фуқаролар (шу жумладан, 56 739 нафар хотин-қизлар ва 16 227 нафар ёшлар) ҳамда меҳнатга лаёқатли 5 970 нафар ногиронлар мавжуд. Шунингдек, жорий йилда 743 та умумтаълим мактабини 33 964 нафар ўқувчилар (шундан, 15 268 нафар ўғил болалар ва 18 696 нафар қизлар) битириши ва меҳнат бозорига кириб келиши кутилмоқда, ҳарбий хизматдан қайтадиганлар эса 2 059 нафарни ва миграциядан қайтиб келиши кутилаётганлар 135 минг нафарни ташкил этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги “2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида”ги ПҚ-7-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳақида вилоят ҳокимининг жорий йил 30 январдаги 31-1-0-Қ/24-сонли қарорига мувофиқ, вилоятда 2024 йил мобайнида жами 293 838 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Вилоят сектор раҳбарлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан биргаликда жами 277 721 нафар ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича секторлар кесимида алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган.

Вилоят ФВВ бошқармаси бошлиғи Б.Ашуровнинг таъкидлашича, ўтган 2023 йил давомида вилоят ҳудудида жами 2 та ис газидан заҳарланиш ҳолатлари содир бўлиб, 2 нафар фуқаро вафот этган ва 1 нафар фуқаронинг ис газидан заҳарланиши ҳамда 22 та газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳолатлари қайд этилиб, 32 нафар фуқаролар турли даражада куйиш билан боғлиқ тан жароҳатлари олган. Йил мобайнида вилоятда 878 маротаба ёнғинлар содир бўлиб, содир бўлган ёнғинларда 33 нафар фуқаролар жароҳатланган, 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Биноларнинг ёнғинга қарши ҳолати тўғрисида ва бошқа шу каби турдаги келиб тушган 2 минг 868 та мурожаатлардан 2 минг 681 таси ёки 94 фоизи ижобий ҳал этилган, шундан тадбиркорларга тегишли 1 минг 575 та мурожаатлардан 1 минг 464 таси ижобий хал этилган.

Хусусан, ҳисобга олинган 40 минг 380 та (4 минг 605 таси давлат тасарруфидаги, 35 минг 735 таси тадбиркорлик субъектларига қарашли) масканлардан 5 минг 617 тасида тўлиқ (4 минг 605 таси давлат тасарруфидаги, 1 минг 012 таси тадбиркорлик субъектларига қарашли) ва 4 минг 605 тасида (барчаси давлат тасарруфидаги масканлар) назорат тартибида текширувлар ўтказилган. Натижаларга кўра, ёнғин билан боғлиқ ҳодисалар бўйича1 минг 457 нафар мансабдор шахсларга, 1 минг 755 нафар фуқароларга, жами 3 минг 212 та ҳолатда (1 минг 580 таси давлат тасарруфидаги, 963 таси тадбиркорлик субъектларига тегишли, 90 таси қўриқланаётган масканларда ва 579 таси аҳоли турар жойларида) 766 миллион 755 минг сўмдан зиёд маъмурий жарималар қўлланилган.

- Фармацевтика тармоғини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди давомида юзага келаётган муаммолар, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида урғу бериш зарур, - дейди мазкур бошқарма мутахассиси.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-459 қарор бўйича 452 миллион долларлик ва қўшимча 292 миллион долларлик режалар билан бирга жами 744,3 миллион долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган. 2023 йил якунлари билан вилоятга белгиланган 800,2 миллион доллар қийматидаги хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режаси, амалда 802,0 миллион доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 100,2 фоизгабажарилиши таъминланган. (ўтган йилнинг мос даврига 428,4 миллион долларга нисбатан 1,8 баробарни ташкил этган).

Дастурдан ташқари, 38 та корхоналар томонидан 55,0 миллион. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 февралдаги ПҚ-92-сон қарорига мувофиқ 2024 йилнинг 1-чораги учун 253,8 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган.

Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими раҳбари О.Юлдашев ҳозирги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ва фаол бўлмаган ёшларга “Ёшлар дафтари” тизими орқали 30 турдаги ёрдамлар кўрсатилиб, уларни ижтимоий-иқтисодий томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги ҳақида сўз юритди.

- Ўтган 2023 йил давомида 42 мингдан ортиқ ёшлар томонидан “Ёшлар дафтари”га аризалар келиб тушган бўлиб, уларнинг 39 минг 728 нафари дафтарга киритилган, - дейди маърузачи.

Маълумотларга кўра, ўтган йил давомида уларнинг 31 минг 470 нафарига амалий ёрдамлар кўрсатилиб, дафтардан чиқарилган. Ҳусусан, 5 600 нафари доимий ишга жойлашди, 2 122 нафарига имтиёзли кредитлар, 3 856 нафарига ер майдонлари, 1 807 нафарига (15 нафар ижара харажати, 1 792 нафар меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуна) субсидиялар ажратилди, 4 750 нафарининг тўлов контракти, 282 нафарининг сафарбарлик чақирув резерви бадали, 615 нафарига ҳайдовчиликка ўқиш харажатлари қоплаб берилди ҳамда 8 328 нафарига (101 нафар турар жой ижараси, 477 нафар психологик хизмат, 7 750 нафар тиббий хизмат) ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилган. Хусусан, Андижон вилояти маҳаллий бюджетларининг шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан “Ёшлар дафтари” жамғармасига 6,4 миллиард сўм маблағларни ажратиш чораларини кўриш қарори лойиҳаси бир овоздан тасдиқланди.

Сессия якунида вилоят ҳудудида «Яшил белбоғлар» ташкил этиш тўғрисида Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бшқармаси раҳбарининг ҳисоботлари тингланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг эллик тўққизинчи сессияси кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА