Хорижда

ГРУЗИЯ ҲУКУМАТИ 1 ИЮЛДАН БОШЛАБ ХОРИЖЛИКЛАР УЧУН ЧЕГАРАЛАРНИ ОЧИШНИ РЕЖАЛАШТИРМОҚДА


07.05.2020   5528

Грузия ҳукумати 1 июлдан бошлаб хорижлик сайёҳларнинг мамлакатга киришига рухсат беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Георгий Гахарияга таяниб, «РБК»хабар берди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, карантин чораларини босқичма-босқич бекор қилиш режаси мамлакатда 15 июнгача ички туризмнинг қайта тикланишини кўзда тутади. Грузия 1 июлдан бошлаб хорижий сайёҳларни қабул қилишни режалаштирмоқда. Шу санага бориб, қуруқлик чегаралари очилиши ва авиапарвозлар бошланиши тахмин қилинмоқда.

Ҳукумат раҳбарининг қайд этишича, мамлакат хавфсизлик чораларига амал қилган ҳолда сайёҳларни қабул қилишга тайёр бўлиши керак.

Гахариянинг маълум қилишича, 11 майда Тбилисида барча транспорт воситалари ҳаракатига рухсат этилади, 15 май кунидан эса мамлакат пойтахтидан қўшни Рустави ва Гардабани шаҳарларига бориш мумкин бўлади.

Қайд этилишича, 11 май куни Грузияда барча ишлаб чиқариш корхоналари ва дўконлар очилади. Йирик савдо марказлари ва кийим-кечак дўконлар эса ёпиқлигича қолади.

Грузия ҳукумати 15 апрель куни мамлакатнинг тўртта йирик шаҳри — Тбилиси, Рустави, Кутаиси ва Батумига кириш-чиқишни тақиқлаган. Кутаиси ва Батуми шаҳарларида чекловлар 5 май куни бекор қилинган.

Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан буён мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 615 кишига етган. Тўққиз киши касаллик оқибатида вафот этган, 275 киши касалликдан тузалган.

Эслатиб ўтамиз, Грузияда 17 апрелдан бошлаб енгил автомобилларда ҳаракатланишвақтинча тақиқланганди.

Манба: daryo.uz