Андижон 24

ГАЗ ЖИҲОЗИНИНГ ТЕХНИК КЎРИГИ ИСТЕЪМОЛЧИ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ


31.03.2023   1039

Асака туманида бугунги кунда 62 мингдан ортиқ уй ичи газ жиҳозлари мавжуд бўлиб, уларни бир маротабалик техник кўрикдан ўтказиш истеъмолчиларни хавфсизлигини таъминлашдаги асосий талаблардан бири ҳисобланади.

48 минг 469 дона 2 комфоркали газ плиталари, 3 776 та3 кампаракли ҳамда 10 мингдан зиёд 4 кампаракли газ плиталари ҳисобга олинган. Шунингдек, 21 минг 525 та иситиш печлари, 15 452 дона иситиш қозонлари, 4 853 дона титанлар ҳамда 2 452 та бошқа турдаги уй ичи газ жиҳозлари жорий йилда бир маротабалик техник кўрикдан ўтказилиши керак. Жорий йилнинг 1-чорагида аҳоли хонадонлари ва улгуржи истеъмолчиларнинг 4 минг 420 дона газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилиб, истеъмолчиларнинг мавжуд газ жиҳозларидаги носозликлар бартараф қилинди.

“Уй ичи газ жиҳозларини техник кўрик ва жорий созлашдан ўтказиш даврида хонадонлардаги носоз газ жиҳозлари ва резбали бирикмалардан газ сизиб чиқиш оқибатида юз бериши мумкин бўлган чақнаш, мўриконларни носозлиги туфайли ис газидан заҳарланиш каби салбий ҳолатлар бартараф этилади ҳамда истеъмолчи томонидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда газдан тежамкорлик ва оқилона фойдаланишига эришилади” – дейди "Асакатумангаз” газ таъминоти бўлими чилангари Нодирбек Яқубов.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ҳам ўз истеъмолчиларидан уй ичи газ жиҳозларига эътиборлироқ бўлишларини, йилда бир маротаба техник кўрикдан ўтказиш зарурлигини эслатиб ўтади. Бу ҳақда Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди.