ЖАМИЯТ

ГАЗ СОҲАСИ ХОДИМЛАРИ ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛМОҚДА


18.04.2023   384

Ҳар қандай соҳада жисмонан соғлом ва маънан етук кадрлар билангина юқори самарадорликка эришиш мумкин. Ушбу талаблар газ соҳаси ходимлари учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис сўнгги йилларда соҳа ходимлари, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, даволаш ва қайта тиклаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5590-сон Фармони ҳамда 2020 йил 12 ноябрдаги “Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4891-сон қарорига мувофиқ, айни кунларда тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари томонидан “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимлари ходимларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва аниқ ташхис қўйиш амалга оширилмоқда.

“Ходимларимизнинг иш жараёнига халақит бермаслик учун, тиббий кўрикларни ҳар бир шаҳар-туман газ таъминоти бўлимининг ўзида ташкил қиляпмиз, - дейди Филиал бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Гулчеҳрахон Маматхўжаева. – Ходимлар бошқарув бўлими билан ҳамкорликда ўтказилаётган тиббий кўрикка малакали мутахассисларни жалб қилдик. Ҳар бир бўлимимизда бўлиб ўтадиган тибиий кўрик барча ходимлар қамраб олинади ва 4-майгача давом этишиши режалаштирилган...”

Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни сифатли ўтказиш учун тегишли тиббий асбоб-ускуналар ва лаборатор-диагностик аппаратлари тўлиқ шай ҳолатга келтирилган. Тиббий кўрик жараёнида касалликлари аниқланган ходимларнинг саломатлигини тиклашлари учун барча зарурий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.