Хорижда

ФРАНЦИЯ САЙЁҲЛИК ПОРТАЛИ ЎҚУВЧИЛАРИНИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ДИҚҚАТГА САЗОВОР ЖОЙЛАРИ БИЛАН ТАНИШТИРАДИ


13.09.2023   289

Франциянинг Easy Voyage оммабоп сайёҳлик портали Ўзбекистон тарихий шаҳарларининг туризм имкониятларига бағишланган мақола эълон қилди.

Унда таъкидланишича, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми чўл ва текисликлардан ибрат бўлиб, мамлакат умумий майдонининг озгина қисми одамлар томонидан фойдаланилади. Марказий Осиёнинг энг йирик қурғоқчил минтақаларидан бири бўлган Қизилқум чўли мамлакат ҳудудининг катта қисмини эгаллайди. Республика ҳудудини Марказий Осиёнинг иккита йирик дарёси – Амударё ва Сирдарё ҳам кесиб ўтади.

Орол денгизининг бир қисми ҳам Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Бир пайтлар дунёдаги тўртинчи йирик ички денгиз, бугунги кунда бу жиддий инқирозга дуч келган ва ўтган асрнинг энг йирик экологик офатларидан бирига айланган. Денгиз ўз қирғоғидан 60-80 км орқага чекиниши оқибатида янги сунъий чўл шаклланган.

Мақолада Ўзбекистон санъати ва маданияти ҳақида ҳам маълумот берилган: «Мамлакат рельефи каби унинг санъати ва маданияти ҳам турли дин ва тамаддунлар таъсирини ўзида мужассам этган. Афсонавий Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон ҳар йили кўплаб хорижлик сайёҳларни қабул қилади. Улар машҳур жаҳонгашта Марко Поло изидан бориб, ўлканинг бетакрор Шарқ меъморчилиги намуналари билан яқиндан танишишга ошиқадилар».

Шунингдек, мақолада Ўзбекистон буддизм, насронийлик, ислом, шаманизм ва зороастризм анъаналарини ўзида ифода этганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “Бу ерда ушбу ҳудудда истиқомат қилган турли халқларнинг бой маданий мероси сақланиб қолган. Ўзбекистон маданияти ўз аҳолисининг турмуш тарзи ва меъморчилигида тарих ва афсоналарни ўзида мужассам этган ҳолда намоён бўлади. Бу айниқса Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида яққол кўзга ташланади. Мамлакат мустақилликка эришгач, Ўзбекистон ўзининг бой маданий ва меъморий мероси боис ҳозирги кунда сайёҳлик авж олган даврни бошдан кечирмоқда”, - дейди француз нашри.

Easy Voyage Хива, Бухоро ва Самарқанд ҳақида ҳикоя қила туриб, бу шаҳарлар ҳақиқий очиқ осмон остидаги музейлар эканини, уларда ташриф буюришга арзийдиган бошқа кўплаб диққатга сазовор жойлар мавжудлигини урғулайди.

Портал француз жамоатчилигини Қорақалпоғистон Республикасининг сайёҳлик имкониятлари билан ҳам таништиради. «90 мингдан ортиқ экспонатдан иборат коллекцияни ўзида жамлаган Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи Нукусда жойлашган бўлиб, у шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойи ҳисобланади. Музейда рус авангарди, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ амалий санъати, қадимги Хоразм санъати тўпламлари билан танишиш мумкин», - деб ёзади Easy Voyage.