Андижон 24

«ЭРТА-ИНДИН» ҚАЧОН ТУГАЙДИ?


18.12.2021   783

Яна ўша мавзу – маҳалла ҳаёти, йиғин раисларининг ўзбилармонча фаолияти. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, таҳририятимизга келаётган аризаларнинг 80 фоизида фуқаролар маҳалла масъулларининг ишидан норозилиги баён этилади. Кимдир болалар нафақасини олишда таниш-билишчиликсиз иш битмаётганидан дод деса, яна биров кам таъминланган оилаларга ажратилаётган маблағларнинг тўлиқ етиб келмаётганлигини куюниб гапиради. Аслида ҳам шундайми? Афсуски, ўз манфаати йўлида ҳар бир ишдан чўнтагини қаппайтиришни кўзлайдиганлар виждонан куйиб-ёнаётганларнинг ҳам номини булғамоқдалар.

Андижон тумани Куйганёр шаҳарчаси Саноат маҳалла фуқаролар йиғини Бунёдкор кўчаси, 21-уй, 31-хонадонда яшовчи Зайнабхон Турғунова "Аёллар дафтари"га киритилган. У ҳам моддий ёрдам сўраб оғзи куйганлардан.

2-гуруҳ ногирониман, дейди суҳбатдошимиз. 2010 йилдан буён полиартрит, ревматизм билан оғрийман. Кейинги пайтларда қандли диабет касаллиги ҳам безовта қиляпти. Мунтазам дори ичиб турмасам соғлиғим ёмонлашиб қоляпти. Турмуш ўртоғим вафот этган. Ўғлим ҳам муқим бир ерда ишламайди. Устачилик қилади. Унинг ҳам уч фарзанди бор. Шундай шароит бўлса-да, шу кунгача бирор марта маҳалладан кўмак сўрамаган эдим. Амаллаб кунимизни кўрардик. Соғлиғим ёмонлашгани сари дори-дармонга етказолмай қоляпмиз. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ёрдамларни кўриб, умид билан мурожаат қилган эдим. Югур-югурлар тинкамни қуритди. Гўёки ўз чўнтакларидан бераётгандек, ҳақорат ҳам қилишади.

Жорий йилнинг 7 сентябрь куни бизга айни шу мазмундаги аризани йўллаган эди. Фуқаронинг мурожаати бўйича Саноат МФЙ га бордик. Ўзини ишига масъулиятли, жонкуяр қилиб кўрсатган раис ва унинг ёрдамчиси Зайнабхоннинг ҳолатидан хабардор эканлигини, албатта, ёрдам беришини айтди.

Орадан бир ой ўтгач, Зайнабхон ая ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганлигидан ёзғирди. Яна Азизбек Солиев билан боғландик. "Ёдимда, шуни ҳаракатидаман. Эрта-индин ҳал бўлиб қолади", деди. Афсуски, шу кунга қадар раиснинг эртаси тугамаяпти.

Айни шу масалага масъулларнинг назоратини янада кучайтириш вақти келган кўринади. Бу биргина мисол, аҳоли орасида раисларнинг бундан-да ажабтовур кирдикорлари оғиздан-оғизга ўтиб юрганлиги айни ҳақиқат. Бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш шарт.

Маҳаллага сайланган масъул ўша ҳудуд фуқароларининг яхши яшаши, фаровон турмуши, тўкин ҳаёти йўлида белгиланган чора-тадбирларни виждонан амалга ошириши лозим. Ахир у аҳолининг ишонган вакили-ку.

Ҳувайдо

ХЎЖАМҚУЛОВА,

«Андижоннома» махсус мухбири.

«Андижоннома» газетасидан олинди.