ЖАМИЯТ

ЭНДИ 15 МИЛЛИОН СЎМИ БОР ОДАМ УЙЛИ БЎЛИШИ МУМКИН


13.03.2021   1138

Янги фармон

Инсон қачонки, юрти тинч, эртасидан кўнгли тўқ, Ватан ичра кичик ватани – ўз бошпанасига эга бўлса, ҳаётдан рози бўлади. Президентимизнинг жорий йил 11 мартида қабул қилинган “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони йиллар давомида умид билан яшаётган минглаб инсонлар қалбига ишонч туйғусини олиб кирди.

Мазкур фармоннинг мазмун- моҳияти, уй-жой ажратилиш тартиби, ипотека кредити бўйича берилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида ЎзА мухбири "Ипотека” банки департаменти директори Дилмурод Исҳоқов билан суҳбатлашди.

– Эндиликда ипотека кредити бўйича бир қатор имтиёзлар белгиланмоқда. Бундан ташқари, шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади. Даромади паст, уй-жойга эҳтиёжманд бўлган оилалар учун ўша 15 фоизлик бадал миқдорининг 10 фоизи давлат томонидан субсидия сифатида тўлаб берилади. Эътиборли жиҳати, мамлакатимиз тарихида илк маротаба жорий йилда 54 минг нафар оила уй-жой билан таъминланади. Бу аввалги йилларга нисбатан 3 бараварга кўп,–дейди Д.Исҳоқов.

–Ўтган йилларни таҳлил қиладиган бўлсак, 2009-2016 йилларда, яъни 8 йил давомида 69,5 мингдан зиёд уй-жой қурилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 8,4 триллион сўм маблағ ажратилган. 2016-2020 йилларда бу кўрсаткич икки баробарга ошиб, давлат бюджетидан ажратилган маблағ сўммаси 17, 5 триллион сўмни ташкил этди. Шу 4 йил ичида давлат дастурлари асосида 140 мингта уй-жой барпо этилди. Шунча оила уй-жойлик бўлди. Аммо шунга қарамай уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳамон юқори. Яна минглаб уй-жойлар қуришни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Аҳолини уй-жой билан таъминлашда бу йил жуда катта марра олинган. Ўзбекистон тарихида биринчи марта 2021 йилда янги тартиб доирасида, мамлакатимизда жами 33 минг 114 та квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар, қишлоқ жойларда 8 минг 336 та квартирадан иборат кўп қаватли арзон уй-жойлар, фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3 минг 550 та квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилади. Мазкур уйлар аҳолига ипотека кредитлари асосида берилади.

Мазкур уйларни қуриш учун давлат бюджетидан 11 триллион 500 миллиард сўм маблағ ажратилади. Буни 2020 йилда йўналтирилган маблағлар билан таққослаганда 4 баробарга кўп. Энг муҳими, барпо этилаётган янги тураржой мажмуалари аҳолига қулай имкониятлар асосида тақдим этилади.

Яъни киритилаётган қўшимча имтиёзларда аҳоли учун дастлабки бадал миқдори сезиларли даражада камаяди.

Масалан, 2020 йилда 300 миллионлик уйларнинг бошланғич бадали 60 миллион сўм эди. Бу бошланғич бадалга субсидия тўланмасди. Эндиликда 300 миллионлик уйнинг бошланғич бадали 45 миллион сўм белгиланяпти. Паст даромадли аҳоли бошланғич бадалнинг 5 фоизини тўлайди. Демак, бошланғич бадал – 300 миллионнинг 5 фоизи 15 миллион сўм бўлади. Яна бир маълумот: ойлик тўловлар ҳам ўз-ўзидан камаяди. Илгари бир ойда ўртача тўлов 4 миллион 200 мингни ташкил қилган бўлса, ҳозир 3 миллион 700 мингга тушаяпти. Яъни 500 минг сўмга кредитнинг ойлик тўлови енгиллашаяпти. Шундан фуқаро тўлайдиган қисми 2 миллион 200минг сўмни ташкил қиляпти.

Жисмоний шахсларга якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредитларни ажратиш тартиби барча ҳудудларда жорий этилди (илгари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилган эди).

Бунда кредитлар Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда 500 та, жами 6 500 та якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун ажратилади. Шунингдек, кредитлар ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратилади.

Қолаверса, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки 5 йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.

Эътиборлиси, субсидиялар қурилган (реконструкция қилинган) якка тартибдаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

Субсидия олиш учун аризачининг даромадларига яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин. Фармонга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинади.

Унга мувофиқ, фуқаролар томонидан субсидия олиш учун аризалар йил давомида топширилиши мумкин, субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин, субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади. Уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар, шу жумладан, хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун уй-жойлар сотиб олинади (1 000 та квартира).

2021 йил 1 июндан Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 6 ой давомида ойлик ижара тўловининг 50 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг икки ярим бараваридан ошмаган ҳолда ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби жорий қилинади.

Фармонга кўра, ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида “Халқпарвар” комиссиялари ташкил этилади.

2021 йил 1 майгача аҳолига қулай шаклда маълумотларни тақдим этувчи ипотека бозори веб-портали ишга туширилади.

Шаҳноза Маматуропова, Ёқуб Мелибоев.

Манба: УЗА