ЖАМИЯТ

ЕМАГАН СОМСАГА ПУЛ ТЎЛАБ ҚОЛАВЕРАМАНМИ?


27.03.2023   1186


“Мактабда ўқитувчиман. Уйида таъмирлаш ишлари олиб бораётган бир ҳамкасбимнинг илтимосига кўра, банкдан ўз номимга 50 миллион сўм кредит олиб, пулларнинг барчасини унга бергандим. У эса тўловни амалга оширишни зиммасига олганди. Бироқ у қарзнинг бир сўмини ҳам қопламади, ҳатто хаёлига ҳам келтирмаяпти. Банкдагилар эса “кредитни тўланг” деб қисталанг қилишяпти. Қўлимда ҳамкасбимнинг мен унга банкдан 50 миллион сўм кредит олиб берганлигим ҳақида ёзилган тилхати турибди. Ишончимни суиистеъмол қилган ҳамкасбимни кредитни қайтариш мажбуриятини юклаш масаласида судга берсам бўладими? Ёки емаган сомсага пул тўлаб қолавераманми?” У.Ю. Андижон шаҳри


Саволга Андижон вилояти судининг судьяси Асқарали Умматалиев жавоб беради:

“Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддасига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Демак, банкдан кредит олган шахс олинган кредит учун банк олдида жавобгардир яъни, кредит тўловларини тўлашга мажбур.

Агар ушбу олинган кредит суммасини кимгадир қарзга берган бўлса ва бу ҳақда ёзма тилхат бўлса, у ҳолда ўша шахсдан бу пулларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Чунки, Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур Кодекснинг 733-моддасига кўра, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади”.