ЖАМИЯТ

ДУНЁДА ЙИЛИГА ҚАРИЙБ 236 МИНГ КИШИ ЧЎКИШ ОҚИБАТИДА ҲАЁТДАН КЎЗ ЮММОҚДА — ЖССТ


26.07.2023   165

Ҳозир ёзнинг айни чилласи. Жазирама кунларда кўп одамлар, айниқса болалар ва ўсмирлар сув ҳавзаларида мароқли вақт ўтказишни истайди. Аммо бу машғулот, аввало, эҳтиёткорликни талаб қилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган янги ҳисобот чўмилиш чоғида хавфсизлик қоидаларига амал қилиш қанчалар муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Қайд этилишича, дунё бўйича йилига 236 мингга яқин киши чўкиш оқибатида ҳалок бўлмоқда. Бу кўрсаткич сўнгги ўн йилликда жами 2,5 миллион нафарга етган.

Мазкур нохуш ҳолатларнинг катта қисми паст ва ўрта даромадли мамлакатлар ҳиссасига тўғри келяпти.

Чўкиш туфайли ҳаётдан кўз юмганларнинг энг катта қатлами — бир ёшдан тўрт ёшгача бўлган болалар. Иккинчи ўринда беш ёшдан тўққиз ёшгача бўлган ўғил-қизлар қайд этилган.

Таҳлилларга кўра, кичкинтойлар ўлимига сабаб бўлган омиллар орасида чўмилиш, ҳавзалар ва қудуқлардан маиший мақсадлар учун сув олиш, қайиқда сузиш, балиқ овлаш, шунингдек, бўрон, тўфон каби табиий ҳодисалар етакчилик қилади.

Қолаверса, болаларни сув ҳавзалари яқинида қаровсиз қолдириш ҳам чўкиш кўрсаткичлари ошишига олиб келган.

ЖССТ экспертларининг хулоса қилишича, бу муаммонинг самарали ечимлари мавжуд. Масалан, чўмилиш ҳавзаларига тўсиқлар ўрнатиш, сувга тушишни назорат қилиш, болаларда сузиш билан бирга, қутқарув ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини шакллантириш ўлимлар сонини камайтиришига хизмат қилади.

Ана шу йўналишга сармоя йўналтириш натижасида 2050 йилга бориб, 774 минг нафардан ортиқ болалар ҳаётини, 178 мингта ногиронлик ҳолатининг олдини олиш мумкин.