Андижон 24

ДЕПУТАТЛАР ЎЗАРО ТАЖРИБА АЛМАШДИЛАР


14.03.2024   3147

Наврўзи оламнинг бетакрор шукуҳи дилларга шодлик улашаётган кезда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Сенат девони ходимлари ва Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши аъзоларидан ташкил топган делегация вилоятимизга ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган мақсад Халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштириш, маҳаллий Кенгашларнинг соҳадаги ижобий ютуқлари, амалга ошираётган ишлари билан яқиндан танишиш ҳамда уларнинг ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва вилоятлар даражасидаги масалалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Меҳмонлар Андижонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Асака туманидаги "Асака текстиль" МЧЖ тикувчилик корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш фаолиятини кузатдилар. 2022 йил августда ишга туширилган мазкур корхонада бугунги кунда 83 миллион долларлик лойиша эвазига хомашёдан тайёр машсулотгача бўлган тўлиқ «занжир» ташкил этилган. Хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази барпо қилинган. Бўёқ цехидан чиққан сувни тозалаш иншооти ҳам ишга туширилган. Кластер томонидан 102 миллион долларлик лойишалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилгани эътиборга молик. Кейинги манзил Андижон туманидаги саноат зонасида (ХАБ) вилоятда ишлаб чиқарилаётган мебеллар кўргазмаси бўлди. 105 гектар майдонни эгаллаган ушбу саноат ҳудудида машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари каби тармоқлардаги 12 та лойиҳа жойлашган. Улардан бири - «Авто Спринг Компонентс» масъулияти чекланган жамияти. Умумий қиймати қарийб 60 миллион АҚШ доллари бўлган бу корхона йилига 18 минг тонна пўлат деталлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Қуйма деталларни ишлаб чиқариш юксак малака ва технологиялар талаб этади. Хусусан, илгари мамлакатимизнинг автомобилсозлик ва машинасозлик тармоқларида бундай қисмлар импорти катта ўрин тутарди. Энди уларнинг маҳаллийлаштирилиши таннархни камайтириб, рақобатбардошликни оширади. Корхонада Хитой ва Германия давлатлари технологиялари асосида пўлат қисмлар тайёрлаш лойиҳаси бошланган. Металл қуюв қисми АҚШ, механик ишлов бериш қисми Хитой компаниялари томонидан лойишалаштирилган. Шунингдек, меҳмонлар Марҳамат туманидаги «Келажак нури» кутубхонаси, Янги Андижон шаҳарчаси, Андижон шаҳрида бунёд этилаётган «Универсал спорт» мажмуаси ҳамда Бўстон туманидаги "Elegance" тикувчилик фабрикасида ҳам бўлдилар.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.