ЖАМИЯТ

ДЕПУТАТЛАР ЎРМОН ФОНДИ ЕРЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ САМАРАДОРЛИГИ МАСАЛАЛАРИНИ ЎРГАНМОҚДА


17.06.2022   1700

Маълумки, 2020 йил 29 сентябрда “Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун қабул қилинган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ушбу қонун ижроси юзасидан Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Яккабоғ туманлари мисолида назорат-таҳлил тадбирини олиб бормоқда.

Таъкидлаш жоиз, мазкур қонун билан фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерларида янги ўрмонзорлар ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш мақсадида фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахсларга инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан уч йилдан кам бўлмаган ва қирқ тўққиз йилдан ошмайдиган муддатга ижарага беришнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Шунингдек, фермер хўжалигига берилган ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги экинларини оралиқ экиш учун бир йил муддатга иккиламчи ижарга бериш механизими йўлга қўйилди.

Депутатлар ўрганишда ушбу имкониятларнинг амалиётдаги ижросига эътибор қаратиб, соҳада юридик ва жисмоний шахсларга яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланилаётганлиги масалалари ҳам кўздан кечирилди. Хусусан, ўрмон фонди участкаларига асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш тизимининг ҳолати, ўрмон фонди участкаларида рекреация зоналари ташкил этиш тизими, экотуризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Ўрганиш давомида давлат ўрмон фонди ерларида ўрмонлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, давлат ўрмон фонди ерларида ўрмонлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш талабларини бузишга доир ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ўрмонларни муҳофаза қилишга қаратилган мустаҳкам механизм яратиш борасидаги чора-тадбирлар ҳам депутатлар диққат марказида бўлди.

Шу билан бирга, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган мансабдор шахслар ҳамда улар томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг аниқ рўйхати билан ҳам танишди.

Ҳудудлардаги ўрганиш ишлари давом этмоқда