АТРОФГА НАЗАР

БУХОРОДА ПАХТА ЙИҒИМ-ТЕРИМИГА РАСМАН СТАРТ БЕРИЛДИ


06.09.2023   262

Бу йил Бухоро вилоятида жами 96 минг 220 гектар ерда ғўза парваришланди. Вилоятда бевосита пахтачиликка ихтисослашган 3 минг 17 та фермер хўжалиги билан мавсум олдидан тузилган давлат шартнома режаларига мувофиқ агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилди. Мутахассислар мўлжалига биноан мавсумда етиштириладиган ва қайта ишлашга йўналтириладиган ялпи хирмон салмоғи ҳам 400 минг тоннага етказилиши белгиланган.

Шунда ҳар бир фермер хўжалиги ҳисобига пахта етиштириш бўйича гектарлар ҳосилдорлиги 41 центнердан оширилади. Бу ҳақида Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бугун, 6 сентябрь куни ҳар йилги анъанага мувофиқ пахта йиғим-терими мавсуми бошланиши олдидан вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги вилоят ҳамда шаҳар-туманлар секторлари, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги агросаноат мажмуига дахлдор ташкилотлар, таъминот ва хизмат кўрсатувчи корхоналар мутасаддилари Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида жам бўлишди.

Тадбир аввалида Қуръон тиловат ўқилиб, бободеҳқонлар олдидаги машаққатли, шу билан бирга шарафли ишларида куч-қувват, юртимизда мўл-кўлчилик, тўкин-сочинлик барқарор бўлишлигини тилаб дуо қилинди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар жорий этилиши қўлга киритилаётган ютуқларда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Айни жараёнда Бухоро вилоятида ҳам замонавий мезонлар асосида пахта етиштириш, агротехник тадбирлар жараёнига қишлоқ хўжалиги олимларини кенг жалб этиш, фермер хўжаликлари моддий манфаатдорлигини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди. Шу билан бирга мавжуд кластерлар, хизмат кўрсатувчи корхона-ташкилотлар жамоаларини далалардаги ҳосилни йиғиб-териб олиш жараёнини фаол ташкил этишга чақирди.

Қайд этиш жоизки, ҳосилни қисқа фурсатларда нес-нобуд қилмай йиғиб олиш мақсадида барча зарур ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилди. Пахта йиғим-теримини тизимли ташкил этиш мақсадида барча туманларда 2 минг 470 та отряд тузилиб, отрядларга жами 180 минг 130 нафар теримчилар шакллантирилди. Шундан 96 минг 220 нафар пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари ишчилари, шунингдек, 83 минг 910 нафар муайян меҳнат билан банд бўлмаганлар ва кўнгилли ҳашарчилар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида теримга жалб этилмоқда.

Отрядларга 1 минг 585 та транспорт трактори, 3 минг 170 та тиркамалар бириктирилди ҳамда 6 минг 340 та ёпинчиқ, 548 минг 452 та фартук, 4 минг 940 та тарози, 3 минг 705 та қозон-ўчоқ, 3 минг 705 та самовар, 2 минг 470 та сув сақлаш баклар захираси мавсумга тайёр ҳолга келтирилди.

Улар учун иссиқ овқат ташкил этилиб, қолаверса, мавсум давомида тиббий хизмат, кўчма савдо, маданият ва маиший хизматлар ҳам йўлга қўйилади. Теримчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий рағбатлантириш масалалари ҳам эътиборга олинган.