Андижон 24

АЁЛИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ


02.04.2023   600

Андижонда “Аёли эзозланган юрт” шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирларда туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари мутасаддилари, маҳаллаларда иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, лидер ва тадбиркор аёллар, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, отинойилар иштирок этмоқда.

Ушбу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, уларнинг жамият ва оиладаги мавқени янада оширишга қаратилган, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. – Қолаверса, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, аёлларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун яратиб берилаётган имкониятларни кенг тарғиб этишдир.

Андижон шаҳарида бўлиб ўтган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ва оиладаги мавқени янада ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимиз ташаббуси билан опа-сингилларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, берилаётган имтиёзлар ҳақида гапирди.

Айниқса, хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, хусусан, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, яшаш шароитларини яхшилаш, тадбиркорликка жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Янги Ўзбекистоннинг янгиланган конституцияси, унинг мазмун-моҳияти, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган модда ва нормалар ҳақида маълумотлар берилди.

Хонобод шаҳрида ўтказилган тадбир аёллар байрамига айланди. Тадбир давомида ёш бўлишига қарамай, қатор ютуқларни қўлга киритаётган иқтидорли қизлар, катта ҳаётий тажрибага эга нуроний онахонлар, намунали оила вакиллари, оқила аёллар, “Аёллар дафтари”га киритилиб кўмак олган ва ўз мақсади йўлида мувафаққиятга эришган аёллар билан мулоқотлар ҳам ташкил этилди.