Хорижда

АНТАРКТИДА СОҲИЛЛАРИДА ЖАҲОНДАГИ ЭНГ ЙИРИК АЙСБЕРГ ҲАРАКАТГА КЕЛДИ


28.11.2023   1601

37 йил давомида Антарктида қирғоқлари яқинида денгиз тубига мустаҳкам ўрнашган дунёдаги энг катта айсберг фаол ҳаракатлана бошлади, деб хабар бермоқда “CNN” нашри.

Нашрнинг Антарктика тадқиқоти олимлари Элла Гилберт ва Оливер Маршга таяниб ёзишича, “A23a” деб номланган айсберг 1986 йилда Филчнер блокидан парчаланиб кетган ва ўзи катта муз бўлагини ҳосил қилган. У қисқа муддатда Ғарбий Антарктида қирғоғидаги Уэддел денгизининг тубига тушган. Аммо муз шельфининг табиий ўсиши ва эриш циклининг ошиши натижасида айсберг денгиз тубида бу ҳолатда узоқ туролмаслиги мумкин.

Олимлар “A23a” қалинлигини тахминан 400 метр, майдони эса деярли тўрт минг квадрат километрни ташкил этишини тахмин қилмоқда. Бу Нью-Йоркнинг умумий майдонидан уч баравар кўпроқ дегани ёки Тошкент шаҳрига қараганда 9 марта каттароқ ҳисобланади.

Олимларнинг тахминига кўра, океан оқимлари олиб кетаётган айсберг катта эҳтимол билан шарққа қараб йўл олади ва ҳозирги тезлигида кунига тахминан беш километрга силжийди. Улар бундай ўлчамдаги айсберг ҳатто Жанубий Атлантиканинг илиқ сувларида ҳам анча вақт қолиши ва шимолга Жанубий Африкага қараб ҳаракатланишидан қўрқишмоқда.

2020 йилда олимлар “А68” деб номланган яна бир йирик айсберг Жанубий Жоржия ороли билан тўқнашиб, қирғоқда қолиши ҳамда пингвинлар учун озиқ-овқат йўлининг тўсилишини тахмин қилишган эди.