АНДИЖОНДАГИ ЯНГИ ЙИЛ ЯРМАРКАЛАРИДА СЎҚИМ ГЎШТИНИНГ БИР КИЛОСИ 55 МИНГ СЎМ
![](http://auz.uz/uploads/thumbs/news/770x0_26a716ebde8b45426abe1f2fd4f4473a.jpg)
13.12.2021 785
Андижон темир йўл вокзалига туташ майдонда безатилган махобатли арча Янги йил нафасини намоён этди. Янги йилингиз билан сўзлари ёзилган ярмарка пештахталари турли ноз-неъматлар, торту ширинликлар, ўйинчоқлар билан тўлди.
«Янги бозор» масъулияти чекланган жамиятига тегишли растада апельсин, мандарин, банан, олмаю киви ўрин олган. Баҳоси бозордагидан анча арзон.
-Умр йўлдошим, қизларим, набираларим билан Янги йил арчаси, ярмаркасини кўрганикелдик, - дейди, пойтуғлик Мирзохид ака Эгамбердиев, - Набираларим жуда қувонишди. Ярмаркадан ноз-неъматлар сотиб олдик. Сўқим гўштининг бир килоси 55 минг сўмлиги маъқул бўлди. Тухумнинг ҳар донаси 900 сўм. Ҳаммамиз хурсанд уйга қайтяпмиз.
- Сифатли тортлар тайёрладик, -дейди, «Анхор» ва «Гумбаз» масъулияти чекланган жамиятининг пазандалари Ферузахон Муҳаммаджонова билан Рохатой Абдуллаева, - Юртдошларимизнинг Янги йил дастурхони тўкин бўлиши учун ҳаракат қиляпмиз.
-Болажонларга юзга яқин турдаги ўйинчоқларни таклиф этяпмиз,-дейди, тадбиркор Дилдора Ибрагимова, - Кичикинтойлар қувончидан кўнглимиз яйрайди.
Ярмарка қаторида болажонларни мириқиб ўйнаши учун замонавий атракцион ишлаяпти. Осмонўпар арча оқшомда ял-ял ёниб, Янги йилдан дарак беряпти. Савдо ярмаркаси серобчилик, тўкинчилик тимсоли бўлиб, харидорларни чорлаяпти.