Андижон 24

АНДИЖОНДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН КЕНГ НИШОНЛАНДИ


07.12.2023   2099

Ўзбекистон Республикаси Конституциясиқабул қилинганлигининг 31 йиллик тантаналари вилоятимизда кенг нишонланмоқда. «Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар барча ҳудудларда маҳаллалар, кўчалар, хонадонлар ободлигига уйғун ҳолда тинчлик ва фаровонликда ташкил этиляпти.

Вилоятимизда қутлуғ санага бағишланган бош тадбир 7 декабрь куни тантанали тарзда ўтказилди. Унда вилоятнинг барча жабҳаларида меҳнат қилаётган фаоллар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, конституция - бу, истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, дини, ирқи, тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи дастуриламал ҳужжат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Конституциядавлатнинг Асосий қонуни,жамият ва шахснинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи кучдир. Унда давлат ва жамиятнинг ҳуқуқий тамойиллари ўз аксини топади. Ҳуқуқий - демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келаётган Асосий қонунимизнинг миллий тараққиётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, Энг катта воқелик сифатида барчамиз биламизки жорий йилда амалга оширилган Конституциявий ислоҳотлардир.

Фуқароларимизнинг амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш бўйича билдирган кўплаб таклиф ва мулоҳазалари ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқилиб, референдум натижасида Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси қабул қилинди. Бош қомусимиздаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Конституция 65 фоизга янгиланди.

Янги Таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди.

- Конституциямиз давлатчилик, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади, - деди вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов табрик сўзида. - Энг асосийси, Бош Қонунимиз билан Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги ва ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги белгилаб қўйилди.

Байрам шукуҳини бугун Хонободдан Улуғноргача бўлган ҳудудда барча гўшалардаги бунёдкорлик ишларида, обод ва фаровон ҳаёт тарзида, одамларнинг юртдан, ислоҳотлардан рози эканлигида кўрасиз. «Конституция ҳафталиги» доирасида 1 минг 556 та тадбирлар ўтказилган бўлса, уларга 400 мингга яқин ёшлар ва аҳоли вакиллари қамраб олинди.

Вилоятнинг 16 та туман (шаҳар) марказларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишлаб «Конституция кўчаси» ташкил этилди. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, байрами бутун Андижонни қамраб олди.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида яқинлашиб келаётган янги — 2024 йилда улкан дастур ва режаларни амалга оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.

Конституциямизда белгилаб олаётган эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги уй-жойлар барпо этиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича катта-катта ишларни амалга ошириш асосий вазифамиздир. Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, фидокорона меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган марраларга, албатта, эришамиз.

Қутлуғ сана муносабати билан қатор соҳаларда узоқ ва самарали меҳнат қилган бир гуруҳ фидойиларга, бугунги кун қаҳрамонларига давлат мукофотлари топширилди.

Тадбир давомида санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш қилинди.

Н.ЙЎЛДОШЕВА,

Э.МАМАЖОНОВ,

З.УМРЗОҚОВ.