Бугуннинг гапи

АНДИЖОНДА УМУМИЙ МАЙДОНИ 8 ГЕКТАРНИ ТАШКИЛ ЭТУВЧИ ЯНГИ АВТОМОБИЛЬ БОЗОРИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ


06.07.2019   1179

6 июнь, шанба куни Хўжаобод туманидаги Хидирша массивида 4 мингдан ортиқ автомобилларни қамраб олиш қувватига эга янги автомобиль бозори мажмуаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «auz.uz» мухбири Р. Эшонов хабар бермоқда.

Вилоят бозорлари ва савдо комплекслари уюшмаси раиси Хотамжон Мамарасуловнинг айтишича, мажмуа ер майдони ва қуввати жиҳатидан олганда мамлакатимиздаги энг катта автомобиль бозори ҳисобланади. Унинг умумий ер майдони 8 гектарни, шундан 6 гектари автомобиль сотиш майдонини ташкил этади. Бозор бир вақтнинг ўзида кенг ва қулай шароитда турли русумдаги 4 мингдан ортиқ автомобилларни қамраб олиш қувватига эга. Бундан ташқари эҳтиёт қисмларни сотишга ихтисослашган 150 та замонавий савдо дўконлари барпо этилган. Олти ойдан ортиқ давом этган қурилиш ишлари учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

бозор ҳудудига кирган ҳар бир автомобиль электрон камера орқали ҳисобга олинади. Бунда машина қанча вақт ичида сотилгани ҳамда қанча муддат тургани, нархлари таблоларда кўрсатиб борилади.

Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг қайд этишича, эски автомобиль бозори Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида жойлашган. Умумий майдони 3 гектарни ташкил этиб, шундан, 2 гектарида 400 га яқин савдо дўконлари хизмат кўрсатар, автомобиль сотиш майдони эса атиги 80 сотихни ташкил этган. Бу эса, ўз навбатида, 600 та транспорт воситалари савдосини ташкил этиш имконини берган.

Мингдан ортиқ транспорт воситалари эса кўча савдосига чиқиб, сунъий тирбандликларни келтириб чиқарган, шунингдек, катта ҳалқа йўлидаги йўловчиларга, айниқса, ҳудудда яшовчи аҳолига ноқулайликларни туғдирарган.

Вилоят раҳбарининг айтишича, эски бозордаги кўча савдоси - бозор тушумига ҳам ўз таъсирини ўтказиб, савдо кунида 14 миллион сўм, бир йилда эса 1,5 миллиарддан ортиқ тушумни тушишига тўсқинлик қилган.