Андижон 24

АНДИЖОНДА ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ ШАРАФЛАНДИ


13.11.2021   2099

Мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимларининг касб байрами куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Бу йилги шифокорлар байрами Андижон вилоятида ўзгача кайфиятда нишонланди. Андижон шаҳрида жойлашган «Toshkent premium» тантаналар саройида тиббиёт ходимлари шарафланди.

Бу галги байрам тадбири ҳар йилгидан-да кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Унда шифокорлар, ҳамширалар, давлат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик, ОАВлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этдилар.

Тадбирнинг тантанали қисмида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини байрам билан табриклади.

Табригида таъкидланганидек, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъмат. Фақат соғлом инсон ва халқ мислсиз ишларга қодир бўлади.

Шу маънода, вилоятимизда ҳам соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга, уларнинг ҳаётдан, бугунги давр ислоҳотларидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Сана муносабати билан Президент фармонига кўра бир гуруҳ тиббиёт ходимлари давлат мукофотлари билан тантанали равишда тақдирландилар. Шунингдек, соҳа илғорларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тантанали тадбирда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

«auz.uz» online гуруҳи.