Андижон 24

АНДИЖОНДА ТЕСТ СИНОВЛАРИ ЯКУНЛАНДИ, 5 МИНГ 294 НАФАР АБИТУРИЕНТ СИНОВЛАРДА ҚАТНАШМАДИ


14.09.2020   2175

Андижон вилоятида 2020/2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналиши бўйича тест синовлари кеча якунланди.

Тест синовлари Андижон шаҳридаги Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳудудида ташкил этилган 6 та секторда ўтказилди. 2-13 сентябрь кунлари, икки сменада ўтказилган синовларда кунига 8 минг 100 нафар абитурент тест синовини топширди.

Тест синовларини холис ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун тест ўтказиладиган ҳудудга 190 та кузатув камераси ўрнатилди, абитуррентлар мазкур ҳудудга шахсни идентификациялаш ускуналари орқали, коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга тўла амал қилган ҳолда киритилди. Тест жараёнлари test2020.uz сайти ҳамда test2020 мобиль иловаси орқали тўғридан-тўғри онлайн тарзда намойиш этиб борилди.

– Вилоят бўйича тест топшириш учун рўйхатдан ўтган 96 минг 738 нафар абитуриентдан 91 минг 444 нафари тест синовларида қатнашди, –дейди Давлат тест маркази Андижон вилояти бўлими бош мутахассиси Рустамжон Азимов. – 5 минг 294 нафар абитурент номаълум сабабларга кўра, тест синовларида иштирок этмади, 116 нафари белгиланган тартиб-қоидани бузганлиги учун четлаштирилди.

Тест синовлари тўла белгиланган тартиб-қоидалар доирасида бўлиб ўтди, турли кўнгилсиз ҳолатлар юз бермади.