Андижон 24

АНДИЖОНДА ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ АСОСИДА АФВ ЭТИЛГАНЛАР ИЖТИМОИЙ ҲАЁТГА ЙЎНАЛТИРИЛМОҚДА


03.01.2022   1076

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан, мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу амалларнинг давоми сифатида, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни оиласи бағрига қайтариш, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун имконият яратиш борасидаги тадбирлар давом эттирилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 6 декабрдаги «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги ПФ-30-сон Фармонига мувофиқ, бир гуруҳ шахслар жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган Андижон вилоятида истиқомат қилувчи фуқароларни жамиятга тўлақонли мослашишини таъминлаш, дунёқарашини ўзгартириш ҳамда уларга моддий, маънавий-руҳий, тиббий, юридик ва бошқа турдаги зарур ёрдам берилишини ташкиллаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 16 декабрь куни Андижон шаҳридаги муҳташам «Ёшлар маркази» саройида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда афв этилганлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоийлашувини таъминлаш мақсадида уларга моддий ёрдамлар кўрсатилиб, турмуш тарзидаги маиший муаммоларини ҳал этиш, фуқаролик паспортини йўқотган ва амал қилиш муддати тугаган шахсларга паспорт олишда ёрдамлар берилди.

Бундан ташқари, Афв этилганлар билан индивидуал тарзда олиб борилган суҳбатлар натижасида, уларда мавжуд муаммолар аниқланиб, барчаси атрофлича таҳлил қилинди ҳамда ҳокимлик, тегишли идора ва ташкилотларнинг кўмагида қисқа муддатларда қонуний ҳал этилиши алоҳида назоратга олиниб, зарурий чоралар белгиланди.

Андижон вилояти ИИБ Ахбороти хизмати