ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА ПАРРАНДАЧИЛИК БЎЙИЧА 10 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК 14 ТА ЙИРИК ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ


20.06.2021   759

Бугунги кунда паррандачилик энг сердаромад тармоқлардан бирига айланди. Президентимизнинг куни кеча имзоланган янги қарори билан тармоқни ривожлантириш учун кенг кўламли имтиёзлар берилди.

Жумладан, паррандачилик корхоналарига 2024 йил 1 июлгача фойда, ер, мол-мулк, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар ставкалари 2 баравар камайтирилди.

Уларга етиштирилган тухум ва гўшт учун субсидия бериш, кредит ва фоизларни, транспорт харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш жорий этилди.

Паррандачилик соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан жами 85 миллион долларлик имтиёзли ресурслар ажратилди.

Андижон вилоятида ҳам 5 миллион бош парранда боқиш бўйича қиймати 10 миллион долларлик 14 та йирик лойиҳани ишга тушириш белгиланган.

Давлатимиз раҳбари йил якунига қадар 10 мингта хонадонга 2 миллион бош парранда етказиб беришни ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

Бунда, тухум етиштириш йўналишида – ҳар бир хонадонга 100 тадан товуқ, гўшт йўналишида – 200 тадан жўжа тарқатиш зарур.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва сектор раҳбарларига бир ҳафта муддатда парранда боқадиган хонадонлар рўйхатини шакллантириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига уларни ўқитишни ташкил этиш вазифаси юкланди.

“Микрокредитбанк”, “Халқ банки”, “Агробанк”ка аҳолига парранда ва озуқа-ем харид қилиш учун зарур кредит маблағларини ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.