АТРОФГА НАЗАР

АНДИЖОНДА «ОБОД МАҲАЛЛА – ОБОД ХОНАДОН – ОБОД КЎЧА» ДАСТУРИ ДОИРАСИДА КЕНГ КЎЛАМЛИ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА


16.09.2023   704

Андижонда танлаб олинган тўртта – Қўрғонтепа туманидаги Қизилтўқай, Жалақудуқ туманидаги Қутлуғ, Бўстон туманидаги Меҳнатобод, Избоскан туманидаги Гулистон маҳаллаларида “Обод маҳалла – обод хонадон – обод кўча" дастури доирасида кенг кўламли жадал ишлар қилиняпти.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу дастур асосида вилоят ҳокимлиги, республика ишчи гуруҳи, умуман, барча мутасадди ва масъул ташкилотлар вакиллари томонидан маҳаллаларда олиб бориладиган қурилиш, ободонлаштириш ҳамда тарғибот ишлари юзасидан режалар ишлаб чиқилиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Избоскан туманидаги 756 хонадон, 1 минг 273 оила таркибида 3 минг 900 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Гулистон маҳалласи ҳақиқий гулистонга айланмоқда. Маҳалладаги ҳар бир кўча, хонадонда ободонлаштириш, шунингдек, табиий газ, ичимлик суви ҳамда электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда. Бундан барча бирдек беҳад хурсанд.

Бундан ташқари, аҳоли вакиллари иштирокида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, хонадонлар покизалиги ва озодалигини сақлаш, фуқароларнинг тиббий ва ҳуқуқий саводхонлиги юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилмоқда.

Маҳалладаги ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича ҳам ишлар белгиланган. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳудуддаги 30-умумтаълим мактабида бўлиб, ушбу мактабни реконструкция қилиш, фаоллар залини таъмирлаш бўйича масъулларга топшириқлар берди. Бир сўз билан айтганда, маҳаллада дастур доирасида амалга оширилиши белгиланган кенг кўламли ишлар қизғин давом этмоқда.