Бугуннинг гапи

АНДИЖОНДА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ ОИЛАЛАРГА МОДДИЙ ЁРДАМ ПУЛЛАРИ БЕРИЛМОҚДА


28.12.2021   553

Андижон вилоятида 39 минг 764 та кам таъминланган ҳамда қийин шароитларда яшаётган оилаларга 31 миллиард 811 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Президентимизнинг жорий йил 21 декабрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорига кўра, инсон қадр-қимматини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш ҳамда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш, уларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил давомида «Темир дафтар» га киритилган оилаларга, 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларга, шунингдек, 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи оилаларга 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Мазкур қарор ижроси доирасида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳридаги Исломобод маҳалласида бўлиб, бир гуруҳ ногирон, қийин шароитларда яшаётган ҳамда ногирон фарзандлари бор оилаларга 800 минг сўмдан моддий ёрдам пулини топширди.

– Уч нафар фарзандимни билан ёлғиз ўзим вояга етказяпман, – дейди Исломобод маҳалласи Самарқанд кўчасида яшовчи Дилфузахон Зокирова. – Ўзим касалмандман, мавсумий ишларни бажариб, тирикчилик ўтказаман. Ҳали балоғатга етмаган фарзандларим ҳам менга кўмак беришади. Янги йил байрами арафасида оиламизга 800 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилганидан хурсанд бўлдик. Кўмак ва эътибор учун Президентимизга, барча яхши инсонларга раҳмат.

Андижон вилоятида Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларининг тегишли қарорларига асосан, «Темир дафтар»га киритилган 11 минг 549 та оилага 9 миллиард 239 миллион 200 минг сўм, Пенсия жамғармаси орқали 28 минг 215 оилага 22 миллиард 572 миллион сўм, жами 39 минг 764 та оилага 31 миллиард 811 миллион сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам маблағи берилади.