Андижон 24

АНДИЖОНДА 840 ЎРИНЛИ ТАЛАБАЛАР ТУРАР-ЖОЙИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ (+ВИДЕО)


15.12.2021   713

Андижон давлат университетининг Педагогика институти талабалари учун 840 ўринли талабалар ётоқхонаси фойдаланишга топширилди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, институт ўқитувчилари, талабалари, уларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ётоқхона очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда талаба ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, айниқса, яшаш шароитларини яхшилаш, турар-жой билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

– Жорий йилда Андижон давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилиб, илк талабалар қабул қилинди, – дейди институт директори Бахтиёржон Расулов. – Институтимизда талабаларни турар жой билан таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилди. Натижада барча қулайликларга эга 840 ўринли ётоқхона талабалар ихтиёрига топширилди.
Ётоқхона хоналари икки қаватли кроватлар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, ётоқхонанинг ҳар бир қаватида ошхона, дам олиш, тил ўрганиш, маиший ва спорт билан шуғулланиш учун махсус хоналар, шунингдек, кутубхона ва маънавият хоналари ташкил этилган. Барча хоналар зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан талабалар турар жойи учун музлаткич, телевизор, спорт анжомлари, кир ювиш машиналари ва компьютерлар совға қилинди.

Тадбир иштирокчилари ётоқхонада талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шундан сўнг вилоят ҳокими талабалар билан мулоқот қилди.
Унда талабаларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Талаба ёшлар яратиб берилаётган кенг имкониятлар, қулайликлар учун миннатдорчилик билдириб, вилоят ҳокимидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.