АТРОФГА НАЗАР

АНДИЖОНДА 3 МИНГ 707 НАФАР АБИТУРИЕНТ ТЕСТ СИНОВЛАРИГА КЕЛМАГАН


12.08.2023   561

Айни кунларда мамлакатимизда олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тест синовлари давом этмоқда. Жорий йилда Андижон вилоятидан олий ўқув юртлари бакалавриат таълим йўналишига кириш учун 66 минг 824 нафар абитуриент тест синовидан ўтиши белгиланган. Бугунги кунга қадар уларнинг 57 минг 213 нафари тест синовини топшириб бўлди.

Тест синовлари Андижон шаҳридаги тўртта бино – Андижон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг иккита манежида, Андижон давлат чет тиллар институти спорт зали ҳамда “Ямбол” спорт комплексида бўлиб ўтмоқда. Тест синови билан боғлиқ барча жараёнлар белгиланган тартиб асосида ташкил этилмоқда.

Кеча икки сменада рўйхатдаги 5 минг 520 нафар абитуриент синовларда иштирок этиши керак эди, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Андижон бўлими бош мутахассиси Рустам Азимов. – Лекин номаълум сабабларга кўра, 351 нафар абитуриент тест синовларига келмади, бир нафар абитуриент белгиланган тартибларни бузганлиги учун тест синовидан четлаштирилди.

Умуман, бугунги кунга қадар рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг 3 минг 707 нафари тест синовига келмади, 8 нафари эса четлаштирилди.

Жараённинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун тест синови назоратчилар томонидан кузатиб борилмоқда. Бундан ташқари, тест синови ўтказилаётган ҳудудлар камера кузатуви билан таъминланган. Шунингдек, ота-оналар, умуман, кенг жамоатчилик учун тест синови жараёнини онлайн кузатиб бориш имкони яратилган.

Тиббиёт ходимлари абитуриентларнинг соғлигини назорат қилмоқда. Абитуриентларга сув, ручка берилиши ташкил қилинган. Тест синови жараёнларида хавфсизликни таъминлаш учун Миллий гвардия, ички ишлар ходимлари жалб этилган.

Манба: ЎзА