Андижон 24

АНДИЖОН ШАҲРИДАГИ ЖАМИ 15 ТА МАҲАЛЛА ЖИНОЯТЧИЛИК СОНИ ОШГАНЛИК ДАРАЖАСИГА КЎРА “ҚИЗИЛ” ҲУДУД СИФАТИДА БЕЛГИЛАНГАН


24.07.2023   626

Бугунги кунда халқимизни кўп йиллардан буён ўйлантириб келаётган муаммоларга ечим топилиб, юртдошларимизнинг фаровон турмуш кечириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Инсон қадри ҳар недан улуғлиги турли кўринишиларда ҳар қадамда ўз исботини топаётир. Бу борада вилоятимизнинг турли ҳудудларида Олий суд ҳамда шаҳар, туманлар судлари томонидан ўтказилаётган сайёр судлар, учрашувларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

Андижон шаҳридаги жами 15 та маҳалла жиноятчилик сони ошганлик даражасига кўра “қизил” ҳудуд сифатида белгиланган. Масъулларнинг ушбу маҳаллалар аҳолиси билан учрашувлари давомида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва жиноятчиликка имкон яратиб берган шарт-шароитлар кенг муҳокама қилинмоқда.

Мирпўстин маҳалла фуқаролар йиғинида 5442 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 2787 нафарини хотин-қизлар, 1097 нафарини ёшлар ташкил қилади. Айни ҳудуд ҳам қизил тоифага кирган. Шу сабабли мазкур маҳаллада ўтказилган сайёр учрашувда Олий суд судьяси Элбек Турғунбоев, Андижон шаҳар суди раиси Улуғбек Каримов, судья Бекзодбек Турдиев ҳамда Андижон шаҳар ИИОФМБ пробация бўлими бошлиғи Рустам Тоҳировлар томонидан аҳоли вакилларига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва ҳар бир мурожаат масъуллар томонидан назоратга олинди.

  • Маълумотларга кўра, жиноят ишлари доирасида судланган шахсларнинг 80-90 фоизини эркаклар ташкил қилаётган бўлса, жиноятчилик оламида аёллар ва вояга етмаганларнинг ҳам улуши ўсиб бораётганини кўриш мумкин, - дейди Андижон шаҳар суди судьяси Бекзодбек Турдиев. – Учрашув билан бир қаторда сайёр суд мажлисларини ҳам ўтказганимизда айни ҳолатларга ҳам дуч келдик. Масалан, 1961 йилда туғилган Н.М. Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми ҳамда 228-моддаси 2-қисми билан айбли топилган ва тегишли тартибда жазо берилган. Андижон шаҳар Ички ишлар бўлими киритган тақдимномага асосан, маҳкуманинг илтимосномасини тингладик, шаҳар прокурорининг фикрини, шаҳар ИИО Пробация гуруҳи катта инспекторининг кўрсатувини эшитдик. Маҳкума содир қилган жиноятидан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарганлигини, жазони ўташ даврида интизомий жавобгарликка тортилмаганлигини, қилмишидан пушаймонлигини, бошқа жиноят содир қилмаслигини маълум қилгач, тайинланган жазосининг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш бўйича ажрим чиқарилди.
  • Мазкур маҳаллада айни кунда аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси билан жазоланган 18 нафар шахс пробация рўйхатида туради, - дейди Андижон шаҳар ИИОФМБ пробация бўлими бошлиғи Рустам Тоҳиров. – Уларнинг ҳар бири билан тегишли мутасаддилар – профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, маҳаллар раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари ҳамкорлигида якка тартибда ишларни йўлга қўйганмиз. Бандлигини таъминлаш бўйича ҳам мунтазам равишда бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказиб келмоқдамиз.

Жойларда ўтаётган бундай сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда кутилган натижаларни бермоқда.

Зилола РАҲМОНОВА,

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА,

Муҳаммадали МУҲАММАДҚУЛОВ.