Хорижда

АҚШ – ХИТОЙ САВДО УРУШИ АВЖ ПАЛЛАГА ЧИҚДИ


18.05.2019   1619

АҚШнинг Хитой билан савдо уруши Трамп президент этиб сайланган даврдан бери унинг энг қалтис сиёсати бўлиб қолмоқда, деб ёзади Bloomberg агентлиги. Молиявий таҳлилчиларнинг фикрича, тарифлар урушидан иқтисодиёт миллиардлаб доллар зарар кўрмоқда, молиявий оқибатлар бу савдо урушида мағлубиятга учраган тараф учун мислсиз йўқотиш бўлиши мумкин. Хитой эса АҚШнинг бу сиёсатига қарши «қонга қон, жонга жон» тамойилидан келиб чиққан ҳолда жавоб бермоқда.

Дональд Трамп Осакада ўтадиган G20 саммитида учрашишини билдирган бўлса-да, савдо урушини давом эттирмоқда. АҚШ савдо вазирлиги 13 май санасида Хитойдан келтириладиган болалар ўйинчоқларидан тортиб компьютерларгача жами 360 миллиард долларлик маҳсулотларга 25 фоизлик божхона солиғи жорий этилишини маълум қилди. Агар Трамп бу сиёсатни амалга оширадиган бўлса, бу америкаликларнинг ўзига зарар келтириши мумкин. Қизиқ жиҳати, бу сиёсат Трамп қайта сайланмоқчи бўлаётган пайтда юз бермоқда. Аммо Трамп «умидбахш» битимлар тузиш ҳақида ҳам гапирмоқда.

«Барча шароитлар яратилган вақтда биз керакли соатда Хитой билан битимга келишамиз… Бироқ бу битимлар АҚШ учун манфаатли бўлиши шарт», — деб таъкидлади Дональд Трамп. Олдинроқ Трамп расмий Пекинни санкцияларга жавоб чоралари қўллашда жуда чуқурлашиб кетмасликка чақирган эди.

Иқтисодиётчилар амалдаги тарифлар вақти келиб Америка иқтисодиётини секинлаштиришини айтмоқда. Шунингдек, улар мавжуд савдо кескинлиги Хитойнинг бутун савдосига ёйилиб кетишидан хавотир билдирмоқда. Агар шундай бўлса, Хитой кучли жавоб чораларини ишлаб чиқиши ва бу АҚШ иқтисодиёти орақага кетишига олиб келиши мумкин.

Хитой ҳукумати ҳам 1 июндан бошлаб АҚШ маҳсулотларига бож оширилишини маълум қилди. Бу билан Хитой АҚШ чақириғини эътиборга олмади. Хитой савдо вазирлиги АҚШнинг 2493 турдаги маҳсулотларига 25 фоизлик тариф божларини жорий қилиши АҚШ иқтисодиётига берилган зарбалигини таъкидлади. Вазиятнинг янада кескинлашуви истеъмол товарларининг қимматлашувига олиб келиб, АҚШ иқтисодиёти ривожланишига тўсиқ бўлади.

Трамп эса Хитойни деярли тайёр бўлиб қолган битимдан чиқиб кетишда айблай бошлади ва кўпгина Хитой компанияларини мамлакатдан чиқариб юбориш билан пўписа ҳам қилди. Кескинлик шу даражага етдики, АҚШ Хитойнинг Huawei компаниясини Эронга молиявий ёрдам берганликда ҳам айблаб, қора рўйхатга киритиб қўйди.

Хитой ҳозирча жавоб чораларини жуда «кескинлаштиришдан» тийилиб турибди. 60 миллиардлик 25 фоизли тариф божларини фақатгина кичикроқ учоқлардан тортиб тўқимачилик саноати маҳсулотларига киритди.

Аммо битим тузилмаса, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши жаҳон иқтисодиётига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Манба: daryo.uz