Андижон 24

2024: АНДИЖОНДА ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ


08.03.2024   4294

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган.

Бугун Андижон шаҳридаги «Тошкент Премиум» тантаналар саройига йиғилган фидоий ва меҳрибон онахонлар, халққа беминнат хизмат қилаётган тиниб-тинчимас опа-сингилларимиз эҳтиром ила кутиб олинди.

Вилоят ҳокими, Шуҳратбек Абдураҳмонов йиғилганларни табриклаб, эришаётган ютуқларимизда уларнинг хизматлари беқиёс эканлигини эътироф этди.

Узоқ йиллар турли соҳаларда жонкуярлик билан хизмат қилган, ҳам давлат ишини, ҳам оиласининг тотувлигини таъминлаган онахонларнинг бир гуруҳига «Мўътабар аёл» кўкрак нишонини топширди.

Шунингдек, вилоятимиз равнақига ҳисса қўшиб, тадбиркорлик фаолияти ва жамоат ишларидаги жонбозлиги билан ажралиб турган опа-сингилларимиздан бир гуруҳи вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Кўнгиллари баҳорий байрам шукуҳи, эртанги кунга ишонч, бахт, меҳр ва садоқат туйғулари билан тўлган хотин-қизлар бундай ёруғ кунларга шукроналар айтиб чарчамадилар.

Файзли даврада таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар барчага байрамона хуш кайфият улашди.