АТРОФГА НАЗАР

1 ДЕКАБРДАН НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?


30.11.2023   1773

2023 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.

Декабр ойида президент фармонига кўра, ўзбекистонликларнинг иш ҳақи, пенсия ва нафақалари миқдори ошмоқда. Хусусан, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб:

бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори – 7 фоизга;

базавий ҳисоблаш миқдори – 3 фоизга оширилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 1 050 000 сўм;

базавий ҳисоблаш миқдори — ойига 340 000 сўм;

пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 372 000 сўм;

ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 725 000 сўм этиб белгиланди.

Уйингизга келадиган давлат хизматлари

Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари жойларга чиқиб кўрсатилиши мумкин.

Бунда, хизматлар – хизмат кўрсатувчи ходим томонидан мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, планшет ёки компютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида қўшимча тўлов асосида кўрсатилади.

Миграция ва транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида кўрсатишда тегишлича Ягона интерактив давлат хизматлари портали, «Call-марказ», расмий веб-сайт ҳамда мобил иловадан фойдаланилади. Фуқароларнинг хоҳишига кўра тайёр идентификацияловчи ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини почта орқали ёки қўшимча тўлов асосида, шунингдек, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва давлат рақами белгиларини уларнинг яшаш жойига қўшимча тўлов асосида етказиб бериш хизмати ҳам жорий этилади.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари уларнинг яшаш жойига бориб, қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатилади.

Энди маъмурий баённома автомобилни ишончнома асосида бошқараётганларга ҳам тузилиши мумкин

Тараққиёт стратегиясининг жорий йилдаги ижросига доир президент фармони билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳаси “шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилинмоқда. Шу мақсадда 2023 йил 1 декабрдан бошлаб:

- транспорт воситасининг эгасига – транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни (ишончнома ва бошқалар) тақдим этган ҳолда, давлат ЙҲХХ органларини автомобилни бошқариш ҳуқуқини ўтказганлиги ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан ЙҲХХнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Шунингдек, ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилади.

“Рангли” йўлаклар

Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб “яшил” ва “қизил” йўлак тамойилини босқичма-босқич Ўзбекистондаги барча йўл-патрул хизмати стационар постларида жорий этиш бошланади. 30 га яқин ЙПХ постларида 6 босқичда жорий этилиши режа қилинган, жараён 2026 йил якунланади.

Бунда, йўл-патрул хизмати стационар постларида ташкил этиладиган:

“Яшил” йўлакдан — белгиланган қоидаларга риоя этадиган ва ҳуқуқбузарлик содир этмаган транспорт воситалари ҳайдовчилари ҳеч қандай тўсиқсиз ва чекловларсиз ҳаракатланади;

“Қизил” йўлакдан — қидирувда бўлган, вазн ва ҳажм параметрларини бузиб ҳаракатланаётган ёки йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ўз вақтида тўланмаган жаримаси мавжуд бўлган транспорт воситалари ҳаракатланади.

Зилзилалардан огоҳлантириш тизими ишга тушади

Президент қарори билан зилзилалар оқибатидаги талафотларнинг олдини олиш, кучли зилзилаларни прогноз қилиш ва уларга тайёргарлик кўришнинг замонавий тизимини амалиётга татбиқ этиш мақсадида:

2023 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими босқичма-босқич ишга туширилиши лозим. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бунга масъул этиб белгиланган.

Мазкур миллий тизим доирасида халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизимига киритилган станциялар билан интеграциялашув асосида:

Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудлардаги сейсмик ҳодисаларнинг мониторинги реал вақт режимида юритилади;

зилзила ўчоғига яқин икки ва ундан ортиқ сейсмик станцияларда кучли тебранишлар қайд этилиб, республика ҳудудида МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори балли зилзила кучи сезилиши аниқланганда:

сейсмик маълумотлар сейсмик станциялардаги махсус дастурлар орқали автоматик тарзда таҳлил қилинади ҳамда зилзила параметрлари тезкорлик билан аниқланади;

“Кучли зилзиладан огоҳлантириш” мобил иловаси орқали аҳолига қисқа сонияларда республиканинг аниқланган ҳудудларида кучли зилзила кузатилиши тўғрисида тезкор хабарнома юборилади.

Республикада кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизимини ишга тушириш билан боғлиқ барча харажатлар Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Бошқа ўзгаришлар

Президентнинг тегишли қарорига кўра, 2023 йил 1 декабрдан “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасида рақамли шаклда тақдим этилиши орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 47 турдаги маълумотларни талаб қилиш бекор қилинади. Талаб этилиши бекор қилинадиган маълумотлар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик кўриш мақсадида 2023 йил 1 декабрдан бошлаб FIDE рейтинги бўйича 1800 ва ундан юқори балл тўплаган шахматчиларга, истисно тариқасида, малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан имтиҳонсиз шахмат бўйича тренерлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилади.

“Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун билан 2023 йил 1 декабрдан айни шу номдаги 1999 йилда қабул қилинган қонун ўз кучини йўқотмоқда.

Манба: Kun.uz сайти.