Бугуннинг гапи

ЁШЛАР КАМОЛИГА ҲИССА ҚЎШИШ – БОШ ВАЗИФА


18.04.2021   358

Ташкилотининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, фуқаролар, айниқса ёшларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, тегишли давлат ва жамоат ташкилотларига ёшларни баркамол шахс бўлиб вояга етказиш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни касбга ўқитиш ҳамда спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ишларида кўмаклашишдан иборат. (Ташкилот уставидан.)

Навқирон йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар ўрганишлари учун кўмаклашиш “Ватанпарвар” ташкилотининг бош вазифаларидан бири. Айтиш жоиз, айни йўналиш билан боғлиқ фаолият қамрови йил сайин ортиб бораётир. Бу йил ҳам мазкур масалага дахлдор бир қатор янгиликлар амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, давлат раҳбарининг шу йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолии саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифаларни ўз муддатларида тўлиқ, самарали бажарилиши юзасидан яқинда Вазирлар Маҳкамасининг раёсат мажлиси ўтказилган эди. Унда «Ватанпарвар» ташкилоти базасида ёшларнинг меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўқитилишини таъминлаш бўйича вазифалар кун тартибига қўйилган эди.

Айни вазифалардан келиб чиқиб, бир қатор ташкилотлар, хусусан, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамкорлигида “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш ишларига киришилди.

Мана, бир мисол. Ташкилотнинг Қўрғонтепа тумани ўқув спорт техника клуби мутасадди ходимлари “Ёшлар дафтари”га киритилган ва уюшмаган ёшлар билан суҳбатлашиб, уларни касб-ҳунарга йўналтириш юзасидан дастлабки қадамларни ташлашди. Айни пайтда мазкур тоифадаги ёшларнинг 16 нафари “Бандликка кўмаклашиш маркази” томонидан йўлланма ва тўрт томонлама шартнома асосида “ВС” тоифадаги ҳайдовчилик курсларида ўқитилмоқда.

Шу ўринда таъкидламоқ керак, республикамиз бўйлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамюртларимизнинг 56 нафари “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши томонидан берилган – “ВС” тоифага бепул ўқитиш учун махсус сертификатларни қўлга киритиб, шу асосда ўқишга қабул қилинди. Уларнинг 4 нафари вилоятимизнинг Булоқбоши, Қўрғонтепа, Марҳамат, Пахтаобод туманларида яшовчи ёшлардир.

Бугун мамлакатимизда, шу жумладан, Андижонда ҳам енгил ва оғир турдаги транспорт воситалари сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Ўз-ўзидан автоуловларни сифатли таъмирлайдиган, эҳтиёт қисмларини алмаштирадиган мутахассисларга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Шуларни назарда тутиб, жорий йилнинг 20 августидан бошлаб ўқув спорт техника клублари ва ўқув муассасасалари негизида вулканизаторчи, аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, авточилангар, автоэлектрик ихтисосликлари бўйича мутахассислар тайёрлашга жиддий тараддуд кўрилмоқда. Яъни номи тилга олинган мутахассисликлар бўйича малакали устозлар етакчилигида ўқув курслари ташкил этилади.

Йил якунига бориб, хусусан, 1 декабрдан эса ўқув спорт техника клублари ва ўқув муассасалари негизида юк ортувчи транспорт, юк крани, автогидропадёмник, ғилдиракли трактор, битта ковушли экскаватор техникаларини бошқариш бўйича мутахассисликларни тайёрлаш ўқув курсларини ташкил этиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Албатта, қўлида ҳунари бор йигит ҳаёт йўлларида қоқилмайди, боқимандалик ва жамиятга “юк” бўлиш кайфиятидан йироқ бўлади. Муҳими, яхши мутахассисга ҳамиша, ҳар жойда иш топилади. Муайян юмуш билан банд, бир бурда нонни ҳалол меҳнат орқали топишга интилган инсон эса жамият ҳаётига хавф солувчи турли иллатларга илакишмайди. “Ватанпарвар” ташкилоти ана шундай мустақил фикрли, касб-ҳунарли ёшларни тарбиялашга интилиб, юрт тараққиёти барқарорлигига баҳолиқудрат ҳисса қўшмоқда.

Б. ИСАБАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси мудофасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти

вилоят кенгаши раиси в.в.б.