Бугуннинг гапи

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК МУҚАРРАРЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ


17.06.2021   314

Сайлов кампанияси даврида сайлов қонунчилиги аниқ ва бир хилда бажарилиши, барча жараёнларда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарорда сайлов кампаниясининг қонунийлигини таъминлаш устувор вазифа қилиб белгиланган.

Маълумки, шу йил 8 февраль ва 31 май кунлари қабул қилинган қонунларга асосан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ўзгартишлар Марказий сайлов комиссиясининг ҳам бир қатор қарорларини амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштиришни тақозо қилади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур ҳужжат билан Марказий сайлов комиссиясининг ушбу қарорининг 1-бандига ҳамда қарорнинг 1-иловаси билан тасдиқланган Йўриқноманинг 10, 12 ва18-бандларига қўшимчалар киритилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг V1 боби Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик деб номланган бўлиб, 512- 519 моддаларни ўз ичига олади. Ушбу моддаларда қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.

Жумладан:

– Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш;

– ушбу комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик;

– Номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш;

– Сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш;

– Номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатиш;

– Сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш;

– Сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш;

– Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш каби ҳолатлар юзасидан жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-моддасига асосан 512 – 519-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари намунавий тузилмаси тасдиқланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда муҳокамага киритилган Марказий сайлов комиссияси қарорининг 1-банди тўртинчи хатбошисидаги “маъмурий судлар” деган сўзлар “жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари” деган сўзлар билан алмаштирилмоқда.

Йўриқноманинг 4-бандида бундай ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги аниқланган ҳолларда тегишли сайлов комиссиялари ваколатли шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилиши белгиланган. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 281, 282-моддаларида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённоманинг мазмуни ва Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани жўнатиш бўйича талаблар белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материаллари МЖтКнинг 281, 282-моддаларида назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судига тақдим қилинган тақдирда, ушбу суднинг асослантирилган ёзма талабига кўра 12 соатдан кечиктирмасдан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган орган томонидан камчиликлар бартараф этилиши шарт деган мазмунда баён этиляпти.

Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди томонидан кўриб чиқилади.

Ушбу ўзгартиришлар натижасида сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик муқаррарлиги таъминланиши сайлов принципларининг мустаҳкамланишига, сайлов тизимининг янада демократик бўлишига, очиқлик ва ошкоралик принципларининг мустаҳкамланишига олиб келади.

Баҳодир ЮНУСОВ,

Марказий сайлов комиссияси

доимий аъзоси.