Бугуннинг гапи

КООПЕРАТИВ ЯРМАРКАДАН 850 НАФАР ФУҚАРО ИШ ЖОЙИГА ЙЎЛ ОЛДИ (+ВИДЕО)


06.05.2021   2810

Фуқароларни камбағалликдан чиқариш, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг бандлигини таъминлаш куннинг долзарб вазифаларидан. Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги боғда ташкил этилган янги иш ўринлари кооператив ярмаркаси айни шу мақсадга қаратилди.

Тадбирга бугунги кунда ишсиз юрган, кам таъминланган оилалардаги аёллар ва ёшлар билан бирга молия муассасалари, аҳоли бандлигини таъминлашга масъул ташкилотларнинг раҳбарлари, тадбиркор ва ҳунармандлар таклиф этилди. Унда ёшларни ишга жойлаштириш, тадбиркорликка қизиқтириш, янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан кўргазма ташкил этилди.

-Аҳоли бандлигина таъминлаш доим эътибордаги масала. Бироқбугун сизлар бир нарсани унутмаслигингиз керак. Кейинги вақтда орамизда боқимандаликка ўрганганлар оз бўлсада учраб турибди. Шу сабаб энди бундай инсонларга биз балиқ ўрнига қармоқ берамиз. Аниқроқ қилиб айтсам уларни ҳаракатга келтирамиз,-деди тадбирда сўз олган вилоят ҳокимиШуҳратбек Абдураҳмонов, -Амалдаги йилда 114 минг 302 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларнинг бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз. Бугун мана шу тадбир якунида таклиф этилган 850 нафар иштирокчи тўғри иш жойига йўл олади. Сизлардан фақат ташаббус керак. Тадбиркорликтўхтовсиз ҳаракатни талаб қилади. Шу сабаб ҳар бирингиз имкониятдан самарали фойдаланиб, ўз йўлингизни топишингизга ишонаман. Бу йўлда биз сизларни қўллаб-қувватлаймиз.

Субсидия-зарур ҳолларда бериладиган пул маблағи. Тадбирнинг асосини ҳам айни шу йўл билаништирокчиларнинг бандлигини таъминлаш ташкил этди. Бунинг учун янги ташкил этилган 17 та кооперативларга 2 миллиард 82 миллион сўм пул ажратилди. Савол туғилади: бу маблағ қандай тартибда ишлатилади?

Кооперативлар 3 та йўналишга ихтисослашган. Ўз қизиқишига қараб кимдир паррандачилик, кимдир қуёнчилик ва яна кимдир тикувчилик йўналишини танлайди. Ҳар бир туманда бу йўналишлар бўйича тадбиркорлар иш олиб бормоқда. Юқоридаги маблағ ҳисобига ёшлар парранда ёки қуён билан таъминланади, тикувчиликка қизиққанлар ишга қабул қилинади.

Яхши томони парранда ва қуёнлар олувчининг хонадонига кооператив томониданклетка ва бир ойлик озуқа билан етказиб берилади. Кейинчалик тайёр махсулотни сотиш,озуқа билан таъминлаш ва ветеринария хизмати ҳам уларнинг зиммасида.

-Корхонамиз оёқ кийимлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган,-дейди Балиқчи туманидаги “Юксак обод сари 555” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тохиржон Толипов.- Ҳозирда 15 нафар ёшлар билан иш олиб боряпмиз. Бериладиган субсидия ҳисобига яна 50 нафар ишсиз бўлган ва “Темир дафтар”га киритилганларни ишга оламиз. Натижада ишлаб чиқариш сурати ҳам ўсади.

Тадбиркор Нодирбек Мухторов раҳбарлигидаги “JIL VOY WANG”ишлаб чиқариш кооперативи Пахтаобод туманидаги Нурдиёр МФЙда амалдаги йил бошида ташкил этилди. Хитой технологиялари асосида ишлаётган корхонада ҳозирда 50 нафар маҳалла фуқаролари иш билан банд. 122 миллион 500 минг сўм субсидия ҳисобига уларнинг сони уч баробарга ортади.

-МФЙ фаоллари билан хонадонма хонадон юриб йил бошида вақтинча ишсиз ва “Темир дафтар”га киритилган оилаларни ўрганиб чиқдик,-дейди Пахтаобод туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари Хушнудбек Аҳмадалиев.-Биринчи чоракнинг ўзида 1493 нафарининг бандлиги таъминланди. Эндиликда Н.Мухторовга берилган субсидия яна 100 та оилага қувонч олиб киради. Бир фуқаронинг иш жойига эга бўлишиоила иқтисодининг яхшиланишига хизмат қилади.

Кооператив ярмарка якунида кўзланган мақсадга эришилди. Таклиф этилганлартўла ишга қабул қилинди.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Зухриддин УМРЗОҚОВ олган сурат.