Жамият

ДИЛАФРУЗ - «ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ИЖТИМОИЙ ХОДИМИ»


17.06.2021   246

Андижон шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида икки йилда бир маротаба анъанавий “Йилнинг энг яхши ижтимоий ходими” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Унда туман(шаҳар) босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ижтимоий ходималар учта шарт бўйича ўзининг билим, кўникмалари ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар.

Ушбу танлов давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 июндаги “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ҳар 2 йилда бир маротаба ўтказилади, - дейди Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармасиФурқатжон Бузруков. - Мақсад ўзгалар парваришига муҳтож ҳамда ёлғиз истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизмат кўламини кенг очиб бориш, соҳада амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини, ушбу йўналишда ижтимоий ходимлар касбига қаратилаётган юксак эътиборни кенг ёритишдан иборат.

Кўрик-танлов якунларига кўра, Шаҳрихон туман тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ижтимоий ходимаси Дилафрузхон Каримовага ғолиб деб топилиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Жалақудуқлик Барчиной Сиддиқова ҳамда марҳаматли Лолахон Муҳиддиновалар муносиб равишда иккинчи ва учинчи ўринни эгалладилар. Ғолиб ва совриндорлар бошқарма томонидан фаҳрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Тадбирда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентилиги директори Алишер Иноқов иштирок этди.

«auz.uz» online гуруҳи.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.