Спорт

АНДИЖОН ҲОКИМИНИНГ КУБОГИ 104 МИНГ ЙИГИТ-ҚИЗНИ ҲАРАКАТГА ЧОРЛАДИ


03.04.2021   138

Ҳудудларда сектор раҳбарлари кубоги учун спорт мусобақалари ташкил этилиб, ёшларнинг соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларини оширишга астойдил эътибор қаратилаётганидан хабарингиз бор. Мазкур хайрли ҳаракатга давлат раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони катта туртки берганини таъкидлаш жоиз.

Жумладан, яқинда Андижон вилояти ҳокимининг кубоги учун спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка, енгил атлетика сингари тўққиз тури бўйича ўтказилган мусобақаларда вилоят бўйлаб 104 мингдан зиёд ҳаваскор ёшлар иштирок этишган эди. Пировардида 238 нафар йигит-қиз ғолиб ва совриндор бўлиб, диплом ва совға-саломлар билан сийланди.

Эътиборлиси, чемпионлик рутбасига эга бўлган ушбу ёшлар жамиятда спорт тарғиботига ҳисса қўшиш мақсадида бирлашиб, Андижон шаҳридаги чим устида ҳоккей мажмуасида малакали мураббийлар қўл остида кундалик машғулотларни бошлаб юбордилар. Шунинг баробарида фаол ёшлар ўзлари яшаётган маҳаллаларда тенгқурлари – уюшмаган ёшларни ҳам жисмоний тарбия ва спортга жалб этиб, мусобақа ва беллашувларда орттирган тажриба ва кўникмаларини ўртоқлашишга ҳам киришдилар.