Жамият

Вилоятимиз бўйлаб ёшлар фестивалига старт берилди Дастлабки манзил Андижон тумани


11.06.2019   1077

11 июндан бошлаб вилоятимиз бўйлаб “Бешта муҳим ташаббус – келажак сари” шиори остида ёшлар фестивалига старт берилди. Бу ҳақда Аuz.uz мухбирлари хабар бермоқда.

Дастлабки манзил куни-кеча юзлаб ўқувчиларни ўз бағрига олган вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги “Боғишамол” соғломлаштириш оромгоҳи бўлди. Бу ерда дам олаётган болажонлар меҳмонларни карнай-сурнайлар садоси остида кутиб олишди, она Ватанни, меҳр-муҳаббатни тараннум этувчи шеърларни ижро этишди.

Фестиваль давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршидабону тадбирнинг мақсади, ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб, ижодидан намуналар ўқиб берди. Параолимпия 2016 йилги Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ўйинлари ғолиби Фирдавс Мусабеков, бокс бўйича Осиё чемпиони Равшанбек Умрзақов, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Дилрабо Аҳмедовалар, “Мард ўғлон” Давлат мукофоти соҳиби Шаҳризод Мусабоевлар ўз фаолияти, эришган ютуқлари ҳақида қисқача маълумот беришиб, ёшларни қизиқтирган саволларига жавоблар қайтардилар.

Эстрада хонандалари Аброр Азизов, Машҳурбек Юлдашевлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди. Шунингдек, фестиваль давомида юқори натижага эришган талабалар, компьютер технологиялари бўйича мутахассислар ўз йўналишлари бўйича ёшлар учун мастер-класслар ўтказишди.

Ҳудди шундай учрашув Бўтақора қишлоғидаги 7-ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат мактабида кўтаринки руҳда давом этди.

Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш бўйича илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш, шунингдек 30 июнь – Ёшлар кунини кенг нишонлаш мақсадида ташкил этилаётган мазкур фестиваль вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида, қишлоқ ҳамда маҳаллаларида Республикамиз Мустақиллигининг 28 йиллик тантаналарига қадар ўтказилади.