ЖАМИЯТ

ЖУРНАЛИСТНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛГАН АНДИЖОН ШАҲАР ҲОКИМИ МАТБУОТ КОТИБИГА НИСБАТАН ҲУКМ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ


08.01.2020   930

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қошқаровага нисбатан у Андижон шаҳар ҳокимлигининг расмий Telegram канали орқали журналист-блогер Хуршид Далиевни ҳақорат қилиб, унга нисбатан туҳмат қилгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) билан маъмурий иш қўзғатилгани ва иш судга оширилгани ҳақида хабар берилган эди.

Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг «Дарё»га маълум қилишича, бугун, 2020 йил 8 январь куни, Гулшаной Қошқаровага нисбатан маъмурий иш Андижон шаҳар маъмурий суди раиси Акмал Шерматов раислигида кўриб чиқилди.

Суд ушбу маъмурий иш материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганган ҳолда Гулшаной Қўчқаровани МЖтКнинг 40-моддаси ва 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топди.

Суд қарорига кўра Гулшаной Қошқаровага МЖтКнинг 40-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридаги 5 миллион 575 минг сўм жарима жазоси, МЖтКнинг 41-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдоридаги 4 миллион 460 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

МЖтКнинг 34-моддасига асосан Гулшаной Қошқаровага узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридаги 5 миллион 575 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Хуршид Далиев маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларини ундириш юзасидан тегишли ҳужжатларни илова қилгани ҳолда фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Гулшаной Қошқарованинг Андижон вилоят ИИБ бошлиғи номига Хуршид Далиевни ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатларида муҳокама этилмагани сабабли материалдан ажратилиб тегишли тартибда қонуний баҳо бериш учун Андижон вилоят ИИБга юборилиши белгиланган.

Қайд этилишича, қарордан норози тарафлар 2 ой муддат ичида шу суд орқали Андижон вилоят маъмурий судига кассация тартибида шикоят келтиришга, прокурор протест билдиришга ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, Хуршид Далиев Андижон вилоятидаги мутасаддиларни танқид остига олгач, исми-шарифи номаълум шахс уни ўлдириш билан таҳдид қила бошлаган, шундан сўнг журналист «Human.uz» сайтида баёнот билан чиққан эди.

Хуршид Далиев танқидий-таҳлилий чиқишлари билан эътиборга тушган журналист. Бир муддат «Ёшлар» телеканалида фаолият кўрсатган. Сўнг ижодий фаолиятини «Kun.uz» сайтида давом эттирган. Айни пайтда «Human.uz» сайтининг асосчиси ҳисобланади.

Манба: Daryo.uz