Андижон 24

ЖУРНАЛИСТЛАР КАСБ ЭТИКАСИГА ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР АСОСИДА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛИШИ МУМКИН


27.09.2019   8100

Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманида мамлакатимизнинг етакчи журналистлари ҳамда блогерлари иштирокида “Ўзбекистонда журналистика соҳасида халқаро этика стандартларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида тренинг ўтказилмоқда. Бу ҳақда унда қатнашаётган “auz.uz” мухбири Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.

Тренингда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти Беруний Алимов, таниқли блогер, ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ҳамда кореялик халқаро эксперт, фалсафа фанлари доктори Вонтай Сеоллар бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ёритишда таҳлилий журналистиканинг ўрни, сифатли ва холис таҳлилий материалларни тайёрлаш, хусусан унда фактлар билан ишлаш, журналистнинг шахсий, рақамли хавфсизлиги ва маълумот манбаларини ҳимоя қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ўринли фойдаланишкаби мавзулар бўйича тушунчалар берилмоқда. Шунингдек, иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, турли йўналишларда тезкор таҳлилий мақолаларни тайёрлаш орқали олган билимларини мустаҳкамламоқда.

- Июнь ойида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ушбу лойиҳага қўл ўрган, - дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот котиби Акбар Эргашев. -Кўзланган мақсад юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг объектив ёритилишини таъминлаш, ҳудудлардаги маҳаллий ОАВ вакилларининг профессионал этика ва таҳлилий журналистика бўйича салоҳиятларини янада оширишдан иборат. Лойиҳа доирасида июль-август ойларида ўтказилган Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида тренингларда 120 дан зиёд босма ва интернет ОАВ вакиллари қамраб олинди. Бугунги тренинга уларнинг энг фаоллари таклиф қилинган.

Тренинг фалсафа фанлари доктори Вонтай Сеол Америка, Европа мамлакатлари ва Корея Республикаси мисолида профессионал этика нуқтаи назаридан журналист, нашр, давлат имижи, турли ОАВлар учун таҳлилий материалларни тайёрлаш ва дизайн каби бир қатор масалалар юзасидан фикр мулоҳазаларини билдирди.

— Корея Республикаси Журналистлари касб этикаси Кодекси илк бор 1957 йилда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган, — дейди халқаро эксперт, доктор Вонтай Сеол. — Бир неча маротаба қайта ишланган. Сўнгги марта 2009 йилда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Кодексни амалиётда жорий этилиши, журналистнинг унга амал қилиши муҳим масала ҳисобланади. Айнан кодекс ёрдамида миллий журналистикани янги босқичга олиб чиқиш, медиасаводхонлик даражасини ошириш мумкин бўлади.

Тренингда халқаро экспертлар иштирокида яқинда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси IV конференциясида тасдиқланган Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодексига халқаро стандартларга мувофиқ тарзда ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланиб, қабул қилиниши ҳамда амалиётга тўлақонли тадбиқ этиши кутилмоқда.