Андижон 24

ЖУРНАЛИСТЛАР БОҒИ ДАВР РУҲИНИ ИФОДА ЭТУВЧИЛАР БАЙРАМИГА МУНОСИБ ТУҲФА БЎЛДИ


27.06.2019   3867

АНДИЖОНДА (Аuz.uz). Андижонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни катта кўтаринкилик билан нишонланди.

Ёшлар марказига йиғилган 350 нафар журналист, соҳага алоқадор барча ташкилот ва муассасалар вакилларини вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов қизғин табриклади.

Вилоят раҳбари ўз сўзида касб эгаларининг меҳнатига юқори баҳо берар экан, холислик, жараёнларнинг чуқур таҳлили ва юрт манфаатидан келиб чиқиб ёндашиш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтди. Ўринли ва асосли танқид, сўзсиз, жамият ривожига ҳисса қўшади. Бу вазифани эса юқори малакали журналистгина уддалайди. Яна бир ўринли мулоҳаза -ҳамжиҳатлик бор жойда барака, ишда унум бўлади. Вилоят ҳокими Андижонни ҳар тарафдан юксалтириш учун журналистларга таянишини алоҳида таъкидлади. Заминимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, муаммолар ва камчиликларни хусусида ҳам очиқ-ойдин айтиб ўтди.

Байрам муносабати билан бир гуруҳ соҳа фидойиларига вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи ва ташаккурномалари ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Тантана иштирокчиларига концерт дастури намойиш этилди.

Байрамга вилоят ҳокимининг топшириғи билан Журналистлар ижодий ушмаси вилоят бўлими учун Андижон туманидан салкам 3 гектар ер майдони ажратилди. Бу жойда Ижодкорлар боғи ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

-Соҳада 34 йилдан буён фаолият кўрсатаман, шундан 32 йили телевидениеда,- дейди “Ўзбекистон” телеканали вилоят бўйича мухбири Иброҳимжон Зуфаров. – Жуда кўп байрам ва тантаналарда иштирок этганман. Бугунгиси ўзгача бўлди. Вилоят ҳокими қалб тубидаги сўзларини изҳор қилди. Бундай анжанчасига суҳбат бизга билдирилган ишон демакдир. Байрамингиз қутлуғ бўлсин.

-Касб байрамимиз арафасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган “Ички Ишлар органларининг энг фаол матбуот ходими” кўрик-танловида республикамизнинг барча вилоятларидан вакиллар қатнашдилар. Танловнинг “Энг яхши радио материали” номинацияси бўйича1-ўринни эгалладим. Фахрий ёрлиқ ва қимматбахо совғалар билан тақдирландим. Шунда яна бир бор касбимиз фахрини ҳис қилдим. Бу ютуқ биргина менинг эмас андижонлик барча ички ишлар ходимлари ва матбуотчиларнинг ютуғи деб ҳисоблайман, -дейди ифтихор билан Андижон вилояти ИИБ матбуот котиби Шерзодбек Нуриддинов.

Эргашали Асқаров, фахрий матбаачи.

-Матбаа соҳасида 42 йил фаолият олиб борганман. Қўрғошинда қуйилган ҳарфлар ҳамон кўз олдимда. Бугун техника даври, тараққиёт ҳамкасбларимга кенг имкониятларни яратмоқда. Бугунги ёшларга ҳавас қиламан, уларни касб байрамлари билан чин дилдан қутлайман. Эзгу, шарафли ва бир қадар оғир, мушкул вазифаларни бажаришларига куч-қувват тилайман.

Бахтиёржон Камолов, “Шахрихон матбаа” МЧЖ директори.

-Захматкаш ҳамкасбларимизни 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан қутлайман. Бугунги давр тезкорлик ва тадбиркорликни талаб этмоқда. Матбаа корхонларида ҳам замонавий техникалар билан ишлаш, буюртмалар онлайн тарзда қабул қилиш йўлга қўйилди.