ЖАМИЯТ

ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР МАРҲАМАТ ТУМАНИДАГИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИ ҲАМДА ФҲДЁ БЎЛИМИ БИЛАН ТАНИШДИ


23.10.2020   2636

Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан Марҳамат туманига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир доирасида жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар, Давлат хизматлари марказларининг давлат органлари ва ташкилотлари билан интеграциялашуви, янги хизмат турлари, шаҳар ва туманлардаги фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимлари фаолиятидаги ютуқ ва муаммолар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда республика ҳамда вилоят ҳудудида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этдилар.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Давлат хизматлари маркази томонидан сайёр хизмат кўрсатиш режалаштирилган Марҳамат туманидаги “Аср Умиди” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Муборак савдо барака” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, туман Давлат хизматлари маркази ҳамда Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимида аҳоли, тадбиркор ва хўжалик субъектларига кўрсатилаётган давлат хизматларини кўздан кечирди.

Давлат хизматлари марказида ташкил этилган Матбуот анжуманида эса вилоят бошқармаси томонидан 2020 йилнинг 9 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида кенг маълумотлар берилди.

Хусусан, мавжуд 16 та шаҳар ва туманлар Давлат хизматлари марказлари ҳамда уларнинг 4 та филиаллари томонидан 144 та хизмат турдаги давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан жами 461 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг 430 мингдар ортиғ тўлиқ қаноатлантирилган бўлса, қолган 31 мингга яқин мурожаатлар ваколатли органлар томонидан тегишли тартибда рад этилган.

- Мурожаатларнинг асосий қисмини судланмаганлик, номида уй-жой мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар олиш, кадастр, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш, руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома сингари хизматлар ташкил этмоқда, - дейди Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиев. - Шу кунга қадар ДХМлар томонидан жами 6967 та юридик ва 14766 та жисмоний шахслар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек хорижий инвестиция иштирокида, жами 207 та корхона давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, шундан 156 таси қўшма корхона, 70 таси хорижий корхонани ташкил этади.

Қонун бузилиш холатларини бартараф этиш юзасидан таъсир чораларини қўллаш сохасида давлат органлари ва бошка ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан жами 7870 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан бир нчета давлат органлари ва бошқа ташкилотларга 142 та ёзма огоҳлантириш ва 13 та тақдимнома киритилган. Шунга асосан бошқарма томонидан 156 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган, давлат хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва ходимларининг 98 нафари жами маъмурий жазога тортилган. Шунингдек, ўз вазифасига эътиборсизлик билан қараган 31 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган. Қайд этиш лозимки, тақдимномаларнинг ижроси бўйича 12 нафар хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимлари интизомий жавобгарликка тортилган.

Президентимизнинг жорий йил февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан кўра, 1 апрелдан бошлаб, ФҲДЁ органлари Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилди.

Шаҳар ва туманлардаги ФҲДЁ бўлимларига жорий йилнинг шу кунига қадар 98 277 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларга асосан 60 887 та туғилганлик ҳамда 12 093 та ўлим ҳолати қайд қилинган. Бундан ташқари 17 мингта никоҳ ҳолатлари расмийлаштирилган бўлса, 2271та ҳолатда ажримлар қайд қилинган.

- Президентимизнинг 2018 йил 12 июндаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан «Ягона электрон ФҲДЁ архиви» ахборот тизими яратилган,- дейди бошқарма бош маслаҳатчиси Гулзода Латипжонова.- Ҳозирда уни юритиш ва ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказиш ҳамда ягона электрон ФҲДЁ архив фондини шакллантириш жараёни кетмоқда.

Вилоятимиздаги ФҲДЁ органлари архивида, жами 5 миллион 92 минг 810 дона далолатнома ёзувлари мавжуд бўлиб, шу кунга қадар “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” базасига 4 миллиондан (яъни, 78,4 %) ортиқ далолатнома ёзувлари киритилиб, ҳужжатларнинг электрон кўринишга ўтиши таъминланди. Бунинг учун ҳар бир ҳудудда архивариус штати ташкил этилиб, энг замонавий ускуналар олиб келинди ҳамда махсус ахборот тизими ишга туширилди. Ҳозиргача Хонобод, Қорасув шаҳарлари, Бўстон, Улуғнор туманларида рақамлаштириш ишлари якунига етказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 августдаги «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда ФҲДЁ ҳужжатларини рақамлаштириш ишларини тезроқ якунига етказиш учун вилоят бўйича 231 нафар ёшлар 4 ойлик шартнома асосида архивариусликка ишга олинди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.

Давлат хизматлари агентлиги Андижон

вилояти бошқармаси ахборот хизмати.