ЖАМИЯТ

ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР ИММУНИЗАЦИЯ МАСАЛАЛАРИГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШДИ


22.08.2019   813

Андижон шаҳридаги “Vella Elegant” меҳмонхонасида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида тиббиёт соҳасини ёритувчи журналист ва блогерлар учун “Бола соғлиғи, хусусан иммунизация масалаларини ОАВда ёритиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Бу ҳақда auz.uz сайти мухбири Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.

Тренингда вилоят давлат Санитария-эпидимиология назорати маркази бош врач ўринбосари Аскарбек Юлбарсов вакцинация ва унинг бола соғлигига ижобий таъсири мавзусида маълумот ва тушунчалар берди.

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, анъанавий ва онлайн ОАВда болаларни эмлаш, ахборот манбалари билан ишлаш, фейк-хабарлар ва ОАВда болалар мавзуси билан боғлиқ ёлғон хабарларнинг тарқалишини олдини олиш, болалар саломатлиги масаласи бўйича ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган материаллардаги стереотипларни аниқлаш, эмлаш тарихи мавзулари бўйича тақдимот ўтказди.

Тренинг давомида Ўзбекистонда ҳар йили 2,5 миллиондан ортиқ болалар эмланади ҳамда эмлаш қамрови 95 фоиздан юқори кўрсаткични ташкил этиши, бундан ташқари, 3000 дан ортиқ эмлаш пунктлари мавжуд бўлган мамлакатимизда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда вакциналар билан узлуксиз таъминлаш, совуқлик занжирига риоя этиш йўлга қўйилганлиги қайд этилди.

- Бугунги кунда республикамизда карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, полиомиелит, дифтерия, қоқшол эмлаш натижасида йиллар мобайнида қайд этилмаган, - дейди вилоят ДСЭНМ бўлим мудири, иммунизацияни тарғиб қилиш бўйича ҳудудий менеджер Иномжон Абдураҳмонов. - Болаларни эмлаш бўйича ЮНИСЕФ томонидан қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, болаларни эмлаш, миллий иммунизация дастурини кучайтириш ва барқарорлигини таъминлашда амалий ҳамда консультатив ёрдам кўрсатиляпти. Аммо шунга қарамай, айрим ота-оналар томонидан фарзандларининг саломатлиги учун муҳим бўлган вакциянация жараёнига етарлича эътибор қаратилмаяпти. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган эмлаш ҳақида ёлғон маълумотлар, стереотиплар уларнинг ишончига соя солмоқда.

Тренингда иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда ўзлаштирган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, ўз таклиф-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.