Андижон 24

ЖУРНАЛИСТ СУРИШТИРУВИ: БАЛИҚЧИДА ҲОКИМ КИМ?


03.08.2018   5794

Уч ойдан буён барпо этилаётган савдо дўкони биноси кутилмаганда, боз устига эрта-индин ишга тушиши арафасида туман бош архитектори томонидан ноқонуний деб топилиши тадбиркорни карахт ҳолга солиб қўйди. Рост-да! Катта йўл юзида дўкон қуришнинг ўзи бўладими ахир? Бунинг учун қишлоқ хўжалиги бўлими, кадастр, экология, газ, сув, электр, алоқа-телекоммуникация, ёнғин хавфсизлиги сингари қатор идоралардан хулоса олиниши шарт. Сўнг туман ҳокими ер майдони ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиши зарур.

Мана шу тартиб-таомилларни жой-жойига қўйиб, то бинони тиклагунча роппа-роса бир йил вақт кетди. Аммо архитекторнинг бирданига муомаласи ўзгариб, олти ой аввал ҳатто ўзи ҳам жимжимадор имзо чекиб, рухсат берган дўконни бузасизлар, дея дағдаға қилиши чиндан ҳам кишини ҳайрон қолдиради.

Гап шундаки, тадбиркор Музробжон Кенжаев Чинобод қишлоғи марказида енгил типдаги вақтинчалик мавсумий салқин ичимликлар ва музқаймоқ савдосига мўлжалланган дўкон қуриш мақсадида ўтган йили Балиқчи тумани ҳокимлигига мурожаат қилди. Ариза ҳокимлик ҳузуридаги ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқувчи доимий комиссия томонидан ўрганилди, мурожаатни қаноатлантириш юзасидан хулоса берилди. Туман ҳокимининг 2017 йил 7 июнь кунги қарори асосида Ифтихор маҳалласи ҳудудидан давлат эҳтиёжлари учун биринчи талабда бузиб олиш шарти билан 150 квадрат метр майдон ўн йил муддатга ажратилди.

Туман ҳокимлигининг тадбиркорга ён босиши ҳар жиҳатдан асосли эди. Сабаби, сўралаётган майдон захирада турибди, яъни қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон фонди ер тоифаларига кирмайди. Замонавий кўринишда бино қад ростласа, атрофга файз киради. Энг муҳими, иккита бўлса ҳам иш ўрни яратилади. Бугун давлат сиёсатининг энг устувор аҳамиятга эга йўналишларидан бири ҳам бандлик масаласи-ку!

Хуллас, анча саъй-ҳаракатлар билан савдо дўкони битди ҳисоб. Эрта-индин ишга туширамиз, деб яхши ниятлар қилинаётган бир паллада, аниқроғи, шу йилнинг 31 июль куни бош архитектор дўконга келиб, нотариал ишончнома асосида тадбиркор номидан фаолият юритаётган Носиржон Қўчқоровга огоҳлантириш хати тақдим этди. Эмишки, ноқонуний (!) қурилма бир кун муддатда бартараф қилинмаса, қонуний чоралар кўрилади!

Архитектор Рустам Жабборов билан телефон орқали мулоқотда муаммога ойдинлик киритишга уриндик.

– Вилоят ҳокимининг топшириғини бажаряпман, – деб қисқача изоҳ берди у. – Ноқонуний биноларни бузиш бўйича кўрсатма олганмиз...

Ҳақиқатан ҳам, тегишли тартиб-қоидаларга амал қилмасдан, устига устак, бирор-бир рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотларни, турли савдо ва хизмат шохобчаларини буздириш наинки Балиқчида, бутун вилоятда изчил давом этаётган жараён. Бунга эътироз йўқ. Аммо айрим уддабуронларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўямиз, деган ҳаракат соясида қонунга риоя қилиб, эндигина иш бошлаётган тадбиркорнинг оёғига болта уришни қандай тушуниш керак? Айни вазият ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади, деган ақидани эслатмаяптими? Боз устига, вилоят ҳокими фақатгина ноқонуний қурилмаларни буздириш ҳақида топшириқ берганлигини архитекторнинг ўзи ҳам тасдиқлаб турибдику! Модомики, Музробжон Кенжаев барпо этган дўкон архитектор томонидан бузишга лойиқ деб топилган экан, қурилишга рухсат берилган ҳужжатларда ўзининг ҳам имзоси ярақлаб-чарақлаб турганини Рустам Жабборов нима деб изоҳлар экан?..

Энди юқорида тилга олганимиз - икки энли огоҳлантириш хати билан боғлиқ қизиқ жиҳатга эътибор беринг. Шу йил 25 май куни Балиқчи туманига Жасурбек Абдурайимов ҳоким этиб тайинланганлиги жамоатчиликка яхши маълум. Аммо салкам уч ойдан бери туманни бошқараётган ҳокимни Рустам Жабборов танимайди, шекилли. Сабаби, архитектор томонидан тадбиркорнинг қўлига 31 июль санаси билан тутқазилган огоҳлантириш хатига "туман ҳокими вазифасини бажарувчи Даврон Саидқулов" (?) имзо қўйган! Ҳайрон қолмай иложингиз йўқ. "Балиқчида ҳоким ким ўзи?" деган ҳақли савол ўртага чиқиши тайин.

Айни пайтда туман ҳокимининг ўринбосари бўлмишДаврон Саидқулов янги ҳоким тайинлангунга қадар бир неча ой давомида Балиқчида биринчи раҳбар вазифасини вақтинча бажариб турганлиги кўпчиликка аён. Бизнингча, Даврон Саидқулов ўша пайтларда ноқонуний қурилма эгаларининг исм-фамилияси ва манзили ёзилмаган огоҳлантириш хатларига имзо чеккану, бу вазифани охирига етказишни Рустам Жабборовга ишониб топширган. Жаноб архитектор эса ишончни суиистеъмол қилиб, туманнинг собиқ биринчи раҳбари номидан тайёрланган огоҳлантириш хатидан шу кунларда ҳам,қонуний фаолият юритаётган тадбиркорга қарши қурол сифатида, бизга номаълум сабабларга кўра, фойдаланаётган бўлса, не ажаб? Чунки айни вазият хусусида босиқлик билан фикр юритилса, тахминимиздан бошқа эҳтимол кўринмаяпти...

Собиқ ҳоким имзолаган хатдан архитекторнинг қўлида яна нечта бор? Ўзининг номидан кимларга огоҳлантириш берилаётганидан Д. Саидқулов хабардорми? Бу саволларнинг жавоби бизни жудаям қизиқтиряпти...

Нурилло НЎЪМОНОВ,

Журналист.