Спорт

ЖОНИМ ҚИЗИМ СЕН ЙИҒЛАМА, ОЛИМПИАДА РЕКОРДИ ҲАЗИЛКАМ НАРСА ЭМАС, - ДЕЙДИ, ОЛИМПИЯ РЕКОРДЧИСИ МУАТТАР НАБИЕВАНИНГ ОТАСИ(+ВИДЕО)


02.08.2021   861

Токио Олимпиадасида оғир атлетика бўйича - 55 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Муаттар Набиева икки кураш баҳсларига кўра умумий ҳисобда 212 кг оғирликни ўзига бўйсундириб, 4-ўринни эгаллади. Шу билан Набиева Олимпиададаги ўз иштирокини якунлади.

Бироқ Муаттар Набиева даст кўтаришда 98 кг оғирликни кўтариб, Олимпиада рекордини ўрнатди.

“Андижоннома” мухбирлари Муаттарнинг хонадонида бўлиб, унинг отаси Абдуллажон Иминов билан суҳбатлашди.

ОТА КАСБИНИ ДАВОМ ЭТТИРАЁТГАН ҚИЗ

Болаликдан спортга қизиқишим катта бўлган. Шўх бўлганлигим учун мактабга кирар кирмасимдан уйдагилар мени турли спорт тўгаракларига жалб қилишган. Кимдир шу нарсани қилаолмайсан, деса ўшани бажармагунимча қўймасдим. Мана бу ердан сакрай олмайсан, сенга рақиб бор экан, деса ўзимни қўярга жой топа олмас эдим. Ўша одамни ютишга ҳаракат қилардим. Спорт залнинг ўртасидан тортилган тўрнинг устидан сакрашга уринардим. Югуришда менга тенг келадиган топилмасди. Жисмоний тарбия бўйича биринчи ўринда турардим. Спорт ўқитувчиларим атайин ўрин олиш учун туман, вилоят мусобақаларига олиб боришарди. Спортсиз ҳаётимни тасаввур қилиб бўлмасди. 10 синфни битирганимдан кейин ҳеч қаерга ўқишга топширмадим, аниқроғи ҳаракат ҳам қилмадим. У вақтларда шароитимиз шуни тақозо қиларди. Шунда устозлари тумандаги “Пахтакор” кўнгиллилар қишлоқ спорти жамиятига инструкторликка ишга киришимни тавсия қилишди. Тақдирни тақозоси билан ушбу жамиятга ишга кириб, 10 йилдан ортиқ инструктор бўлиб ишладим. 1990-1992 йиллар давомида ўтказилган конференция натижаси билан “Пахтакор” кўнгилли спорт жамиятига раислик қилдим. Ўша пайтларда Тошкент давлат Жисмоний тарбия институтига кириб, сиртдан таҳсил олдим. 1993 йилдан буён тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида волейбол бўйича машғулотлар ўтказмоқдаман. Кўриб турганингиздек, Муаттарга спортга бўлган иштиёқ мендан ўтган десам янглишмайман.

ҚИЗИМНИ ДЎСТИМГА ФАРЗАНД ҚИЛИБ БЕРМОҚЧИ БЎЛГАНМАН

1983 йилда оила қурдим. Бир йил ўтиб тўнғич қизим туғилди. 1986, 1988 йилларда яна қизли бўлиш насиб қилди. Одамлар қиз кўпайиб кетмади деган пичинглар қилишди. Мен эса ўнта бўлса ҳам ҳеч ўғил кўрмагунимча туғилаверади деганман. Саккиз йиллик танаффусдан сўнг 1996 йилда Муаттар туғилди. Ўзимни оқлаш эмаску, ҳар қандай эркакни кўнглидан бир марта бўлсада “яна қизми” деган туйғу ўтаркан. Менда ҳам шундай туйғу ўтди. Лекин ўзимга келиб, тирноққа зор қилмаганлиги учун шукур дедим. Эртасига катта эшикка кирганимда катталар суюнчини бериб, тезда туғруқхонага бор, ҳали роҳатини кўрасан, деб кўнглимни кўтаришган.

Шу ерда Муаттар билан боғлиқ бир сирни айтиб ўтишим керак. Бир жудаям қадрдон ўртоғим бориди, у билан ўта яқин эдик. Турмуш ўртоғи билан бир неча йил яшаган бўлсада фарзандсизлик уларни қийнарди. Уни бир қариндоши ажрашиб келган экан, боласини олиб келиб боқиб олди. Лекин бир ҳафтадан кейин жанжал қилиб, фарзандини олиб кетиб қолди. Бўлган воқеалардан ўртоғим тушкунликка тушганди. Мен елкасига қоқиб, “дўстим мана мени 4 та қизим бор, энг кичкинаси сизники” деганман. Ўшанда Муаттарниназарда тутгандим. Уларни болани олиб кетгунча орадан 15 кунча вақт ўтди. Бир пайт дўстим хурсанд кириб келди. “Олиб кетгани келяпсанми” десам узоқ кутилган онлардан кейин аёли ҳомиладор бўлганини айтди. Ҳар гал чемпион бўлганида шуларни ўйлайман. Олимпия рекордини янгилиган пайтда ҳам ортга бир назар ташладим. Агар тақдир тақозоси билан уни дўстимга бериб юборганимда балки бу натижалара қизим эришмас эди.

МУАТТАР ИЧКИ ИШЛАР ХОДИМИ БЎЛАМАН ДЕРДИ

Бошланғич синфларда ўқиётган пайтда уйимизни олдидан ўтиб кетаётсам Муаттар дугоналарига каратэусулларини кўрсатаётган экан. Шуникўриб қолиб, спортга қизиқиши бор шекилли деб ўйладим. Лекин бирорта спорт тўгаракларига юбормадим. 9-синфга ўтаётганида менда волейбол билан шуғулланди. Мактабни битириб Балиқчи транспорт коллежига ўқишга кирди. “Дада коллежни битириб “ГАИ”га ишга кирмоқчиман” деди. Шундан кейин у қандайдир жанг санъати билан шуғуланиши кераклигини тушундим. Ўқиш бошланган дастлабки кунлардан бирида “Дада ўқишимизда ўзбек қўл жанги санъати бўйича тўгарак очиляптикан. Шунга борсам бўладими” деб келди. Кўнглини чўктирмаслик учун ойлик тўловини бераман, боравер дедим. Машғулотларга боришни бошлади. Бир ой ўтмасдан пахтага кетишди. Қайтгач яна бир ярим ойча “тренировка” қилди. Кейин белбоғга топширамиз экан деб келди. Шароитим кўтармасди, ёрдам беролмадим. Орада туман, вилоят мусобақалари ўтказилди. Уларга ҳам имкониятим етмади. Шундай қилиб мени айбим билан учта мусобақада қатнаша олмай қолиб кетди. Бир кун кечга яқин Ўзбекистон чемпионати бўларкан деди. Уйда пул қолмаган, нима қилишимни билмай уйланиб ўтирдим. Шу кунгача уч мартта қайтардим, агар ҳозир йўқ десам болани сазаси ўлади деб, “Буёғи қанчадан тушяпти” десам йўл кира, озиқ-овқат барчасига 200 минг экан деди. Кеч бўлсада қўшниникига чиқиб ойлик тушиши билан қайтаришга ваъда бериб қарз олиб чиқдим. Эртасига дуо қилиб жўнатдим. Мусобақа ўтказиладиган куни уй ишлари билан банд эдим. Бир пайт чемпион бўлганини айтиб телефон қилди. Тўғриси йиғлаб юбордим. 3 ой шуғулланди, кейин тренери келмай қўйди, машғулотлар тўхтади.

ОҒИР АТЛЕТИКА БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШНИ ЎЗИМ ТАВСИЯ ҚИЛГАНМАН.

Ўзбек жанг санъати бўйича машғулотлар тўхтагандан кейин уни бошқа бирорта спорт турига бериш лозим бўлиб қолди. Узоқ ўйланишлардан кейин 2013 йилнинг апрелъ ойида Ҳамидқул ака оғир атлетика бўйича тўгарак очганди ўша ерга қизимни олиб бордим. Аввалига онаси бунга рози бўлмаган, чунки ёшлигида гепатит бўлганди. Турли гиёҳлар истемол қилиб, даволаниб мана кўрмагандай бўлиб кетди. бундан ташқари қариндошлар ва танишлар тош кўтариш қиз болага тўғри келмайди, деб кўп гапиришган. Лекин ўзим спортни ичида юрганлигим учун буларга эътибор қилмаганман. Ҳамидқул акада уч ой тайёрланиб, илк мусобақада қатнашган. Ўшанда фарғоналик Марина Сесоевага ютқазиб, 2-ўринни олди. Яна икки марта мусобақада иштирок этиб, 2 ўринни олиб келаверди. 2015 йилнинг охирларида Чирчиқда Ўзбекистон чемпионати ўтказилди, ўзим ҳам бирга бордим. Чемпионатда 81 кг оғирликдаги, яъни халқаро тоифадаги вазнни кўтариб қўйди. Ўшанда Иванов деган спорт устаси ўрнидан туриб кетиб, яна 4 кг қўшсин деди. Уни талаби билан 85 кгни кўтариб, Ўзбекистон терма жамоасига киритилди. Мана олти йилдирки терма жамоа аъзоси ҳисобланади. Биласизми, бугунга қадар эришилган ғалабаларнинг ортида қанча меҳнат, машаққат бор. Спортда ёзилган-ёзилмаган қонунларни эса достон қилиш шарт эмас. Қиз бола кўпроқ онаси билан сирдош бўлади. Шунинг учун ҳам гоҳида онасига қийналиб кетяпман, спортни ташлайман деган кунлари ҳам бўлган экан. Бироқ менга бирор марта спортда кетаман деган гапни гапирмаган. Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида қўллари шилиниб кетибди. Қўлларини кўриб онаси ҳам, мен ҳам йиғладик. Саккиз йил давомида ўшанда менга бошқача таъсир қилди.Доим мусобақага кетаётганда медал билан қайтасан деб дуо қиламан. Мени қанча танишларим бор, ҳаммаси қараб туради шуни ўйлаб қўйгин дейман. Шу кунга қадар ишончими оқлаб келаяпти. Қизим Олимпия ўйинлари чемпиони бўлмагандир, лекин Олимпия рекордини ўрнатиб, тарихда қолди. Мен у билан ҳамиша фаҳрланаман.

МАЪЛУМОТ УЧУН:

Муаттар Набиева 2016 йил ноябрь ойида Токиода бўлиб ўтган Осиё чемпионатида совринли 3-ўринни эгаллаган, шу йили Ўзбекистон Олимпия қўмитаси ҳамда Оғир-атлетика федерациясининг “Энг яхши спортчи қиз” номинацияси билан тақдирланган. 2017 йил май ойида Бокуда ўтказилган Ислом бирдамлик спорт мусобақаларида бронза медали, Ашхоботда ўтказилган Осиё ўйинларида 3-ўрин, Американинг Анехим шаҳрида ўтказилган Жаҳон чемпионатида, Миср ва Хитойда бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаган.

2019 йил барча Қатарда ўтказилган йилнинг яуний Гран-При мусобақасида 55 кг вазн тоифасида 3 та олтин медални қўлга киритган.