Андижон 24

Жиноят жазосиз қолмайди: САРОБГА АЙЛАНГАН ҲАЁТ


08.05.2018   2005

Ўз акаси ва келинойисини жаҳаннамга юборган Дониёр Тоҳиров (барча исм шарифлар ўзгартирилган) аслида нопок йўлга 2013 йилнинг ёзида дастлабки қадамини қўйди. Ўшанда у уяли телефонида диний мавзудаги маърузаларни тинглаётган Салоҳиддин Омонов деган кимса билан танишиб қолади. Дониёр Салоҳиддиндан маърузалар ёзилган микрочипни сўрайди. Гарчи тегишли маълумотга эга бўлмасаларда, ўзларини дин пешволари деб билган шериклар тез орада тил топишадилар ва бошқаларини ҳам шубҳали таълимотга тортиш пайига тушадилар.

Турли экстремистик руҳдаги маърузалар, давлат сиёсатига қарши даъватлар домига ғарқ бўлган Дониёр манқуртга айланганини сезмай ҳам қолди. Энди у Сурияга бориб, жангарилар сафида шахид бўлишни ниятларди. Акаси Шаҳриёр Тоҳиров билан 2013 йилнинг ноябрида пул топиш илинжида Россияга кетсада, Сурия давлатида авж олаётган жангларда қатнашиш режасини тузади. Акасининг онгига шу фикрни сингдиради, уни руҳий жиҳатдан тайёрлайди. Шаҳриёрни шу йўсин Сурия давлатидаги шериклари хузурига юборади. Ўзи эса 2015 йилнинг февралида Ўзбекистонга қайтиб келади. Диний оқим аъзоларини кенгайтириш ва Сурияга жиход қилиш учун ўзи каби манқуртларни излайди. Хатто келинойиси бўлмиш Гулшан Тоҳировани аврай бошлайди. Ҳомиладор аёл рози бўлавермагач, қўрқитиш йўлига ўтади. Даъватлардан зериккан Гулшан отасиникига кетиб қолади. Шунда турмуш ўртоғи Шаҳриёр интернет орқали суҳбатда Сурияда эканлигини айтиб, жувонни ёнига чорлайди.

Энди Гулшан ҳаракатга тушиб қолади ва Дониёрдан Сурияга юборишни сўрайди. Аёлни ота-онаси ҳам фикридан қайтаролмайдилар. Иттифоқо Шаҳриёр жангларнинг бирида халок бўлади. Бу хабарни яширган Дониёр келинойисини Украина ва Туркия орқали манзилгача кузатиб қўяди. Орадан бир қанча вақт ўтгач Гулшан Тоҳирова ҳам номаълум сабабларга кўра ҳалок бўлди, деган хабар келади.

Ўз жигарларини ёлғон ғоя қурбонига айлантирган Дониёр эса заррача ҳам пушаймон чекмайди, боз устига қилмишларини давом эттираверади, токи Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари уни қўлга олмагунларича. Ниҳоят “дин пешвоси”нинг пешонаси деворга “тақ” этиб урилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир қанча моддалари билан Дониёр Тоҳиров айбдор деб топилиб унга озодликдан махрум қилиш жазоси белгиланди.

Умрининг энг гуллаган даврини панжара ортида ўтказаётган собиқ фуқарога Ватан хоини, яқинларининг қотили деган лаънат тамғаси босилди. Тўрт девор орасида кечаётган ҳаётининг қолган қисмида Дониёрни армон азоби, зоё кетган умр уволи қийнаши тайин, агарда унда виждон, ор-номус, яқинларига муҳаббат, ватанпарварлик туйғулари бўлса.

Бугун юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмокда, имкониятлар эшиклари очилмоқда. Шундай замонда яшаш бахти насиб этган экан, бунга чин дилдан шукроналар келтириб, савобли, арзирли, салмоқли мақсадларни ният қилиш, яратувчилик йўлидан бориш керак.

Юлдаш набираси Бекзод Озод ўғли.