Спорт

Жажжи маликалар (+ Видео)


12.03.2018   432

Избоскан болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошидаги тўгаракларда 200 нафардан ортиқ 12 ёшгача бўлган қизалоқлар тажрибали мураббийлар Мавлуда Ғаниева ва Зарнигор Сирожиддиновалар бошчилигида бадиий гимнастика билан шуғулланмоқда.

Қадимий байрамимиз арафасида ўтказилган "Наврўз маликалари" дея номланган туман биринчилиги ёш спортсеварларнинг иқтидорларини намо-йиш этди. Айниқса, иштирокчиларнинг оналари учун бу муносиб совға бўлди.

6 ёшли Рўзихон Эргашбоева икки йилдирки машғулотларда фаол қатнашмоқда. Устозлари ва ота-онасининг қўллаб-қувватлашлари Рўзихонни катта майдонга олиб чиқди. Ўтган йили "Куз маликалари" республика очиқ турнирида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.

Севара Зуҳриддинова умидли бадиий гимнастикачилардан бири. 2017 йили Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган республика беллашувида унга ҳам омад кулиб боқди. Энг чиройли чиқиш соҳибаси сифатида эътироф этилди.

Байрамона руҳда ўтган тадбир якунида ғолибларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

А. НАЗАРОВ.