Андижон 24

ЖАСОРАТ ҲЕЧ ҚАЧОН УНУТИЛМАЙДИ


13.01.2019   2085

Илҳомжон Ҳайдаров ёшлигидан ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашга қизиқди. Таълимнинг ҳам шу соҳага яқин йўналишларини танлади. Избоскан туманидаги 35-умумтаълим мактаби кейин ихтисослаштирилган мактаб интернатида ўқиди. Андижон давлат университети чет тиллар факультети қошидаги лицейда таҳсил олди. Ҳарбий хизматни ўтагач, йўлланма билан қайтиб келди ва Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кирди.

2015 йилда Андижон тумани ички ишлар бўлимида меҳнат фаолиятини бошлаган Илҳомжон олган назарий билимларини устозлари кўмагида мустаҳкамлади. Ўтган йилнинг январидан Избоскан туманида жиноят қидирув бўлинмасида тезкор вакил вазифасида иш олиб бораётган эди.

-Укасини туғилган кунини нишонлаш ниятида эдик,-хотирлайди дадаси Иномжон ака Ҳайдаров.-Илҳомжонга телефон қилиб, келасанми, деб сўрадим. Ҳаракат қиламан, лекин ишларим кўп, деди. Кута-кута туғилган кунни ҳам ўтказдик. Эртаси тонг саҳарда қайғули хабарни эшитдик.

Ўз хизмат вазифасини ўтаётган туман ички ишлар бўлими ходимлари ярим тунда юрган фуқароларнинг шахсини аниқлаш мақсадида тўхтатганларида улар томонидан қаршиликка дуч келадилар. Қонуний талабга бўйсунмаганлардан бири укаси ва жиянини телефон орқали воқеа жойига чақиради. Муштлашувлар оқибатида икки ходим шифохонага ётқазилади. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан оғир жароҳат олган Илҳомжон шифохонада вафот этади.

Албатта жиноят жазосиз қолмайди. Лекин.... Бу мусибат нафақат оиладагиларни, бутун маҳалла, таниган билганларни ҳам чуқур қайғуга солди. Эндигина 30 баҳорини қарши олаётган ёш, навқирон ўғлон ҳаётдан бевақт кўз юмди. Фарзандининг ортидан орзу-хавас кўраман, деган ширин орзуларда юрган Иномжон ака ва Моҳирахон опаларнинг ниятлари армонга айланди. Бир ярим ёшга тўлган қизи Ясминахон ота меҳридан бенасиб қолди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топган кун ҳамда Ватан ҳимоячилари байрами муносабати билан Илҳомжон туғилиб ўсган Избоскан тумани Бешмирза маҳалласидаги хонадонга вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташриф буюрди. Иномжон ака ва Моҳирахон опага ҳамдардлик билдирар экан, мана шундай мард, жасур фарзандни вояга етказгани учун уларга миннатдорчилик билдирди.

Президентимизнинг шу йил 11 январдаги Фармони билан Илҳомжон Ҳайдаров вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан тақдирланди. Вилоят ҳокими медални топширар экан Ватан учун фидоийлик кўрсатган инсонлар ҳамиша юрт ардоғида бўлиши, уларнинг қаҳрамонликлари унутилмаслиги, яқинлари давлатимизнинг қўллаб-қувватловида эканлигини таъкидлади.

аuz.uz онлайн гуруҳи