ЖАМИЯТ

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА


29.06.2019   2992

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарнинг ташкил этилиши давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйишда, уларнинг очиқ, шаффоф ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунга қарамай “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди.

Бунинг сабаби шуки, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни таъминлашда – давлат органлари ва фуқаролар ўртасида боғлаб турувчи “кўприк”нинг йўқлиги давлат органлари фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнларига салбий таъсир кўрсата бошлаганди. Иккинчидан эса, давлат ва халқ ўртасида “мулоқот майдони”ни шакллантиришга тўсқинлик қиладиган омилларни бартараф этиш керак бўлди. Шунингдек, фуқаролар давлат органлари фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкони йўқлиги, давлат органлари фаолиятида ўз ваколатларида суиистеъмол қилиш ҳолатлари, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши каби муаммоларни ҳал қилиш, жумладан, аҳоли билан очиқ ва манзилли мулоқот олиб боришнинг механизмларини жорий этиш талаб қилинди.

Шунга кўра, Президентимиз томонидан 2018 йил 12 апрелда имзоланган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида жамоатчилик назоратининг фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этиш ихтиёрийлиги, оммавий ва очиқлиги, холислиги ва беғаразлиги, ишончлилиги каби принциплар ҳамда давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, давлат органлари очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, эшитуви, мониторинги, экспертизаси, фикрини ўрганиш, давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш сингари шакллари кўрсатиб берилди.

Қолаверса, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича давлат органлари ҳамда унинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назорати амалга оширилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси таркибида 17 нафар аъзо мавжуд. Комиссия вилоятда фаолият кўрсатаётган 668 та ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ижтимоий кўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишдан иборат.

Ҳар йили бир-икки маротаба вилоят мансабдор шахсларининг ННТларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланади. Турли хилдаги муаммолар, ариза ва шикоятлар билан вилоят Кенгаши раиси ҳамда 17 нафар кенгаш аъзосига мурожаат қилишлари мумкин. Соҳалар йўналишида ҳал этилган масалалар халқ депутатлари вилоят Кенгашисессиясида депутатлар томонидан тасдиқлангач, ижроси таъминланади. Хуллас, жамоатчилик кенгаши фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан давлат идоралари ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.

А. КАСИМОВ,

вилоят адлия бошқармасининг

катта маслаҳатчиси